Маҳаллий

“Ҳужжатлар тўғри тақдим этилса, рад этиш имконсиз”. Янги партияларни рўйхатга олиш бўйича изоҳ берилди

“Ҳужжатлар тўғри тақдим этилса, рад этиш имконсиз”. Янги партияларни рўйхатга олиш бўйича изоҳ берилди

Тошкентда бўлиб ўтган “Бюрократиясиз Ўзбекистон” мавзусидаги матбуот анжуманида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги раҳбар ўринбосари Тоҳиржон Сафаров янги партиялар ҳамда ташаббускор гуруҳларни рўйхатга олиш жараёнидаги муаммолар, давлат бошқарувидаги қисқартиришлар ва Жамоатчилик палатасининг очилиш муддати ҳақида фикр билдирди.

“Бўлаётган воқеаларни кузатиб боряпмиз. Матбуотда айрим фуқаролар жараён жуда қийин бўлаётганини таъкидлаб келмоқда. Аммо улар томонидан йиғилган имзоларни бир кўриб чиқадиган бўлсак, имзолар белгиланган тартибда йиғилмагани, имзо қўйган шахслар номаълум экани аён бўлиб қолмоқда”, дейди агентлик масъули.

Тоҳиржон Сафаров бу масалада Адлия вазирлиги раҳбарияти билан шахсан мулоқот қилинганини айтиб, қонун талабига кўра ҳужжатлар тўғри ва тартиб билан топширилса, уни рад этишнинг иложи йўқлигини, бироқ ҳозиргача тақдим этилаётган материалларда қонун талаблари тўлиқ бажарилмаётганини қўшимча қилди.

Анжуман давомида давлат идораларидаги ислоҳотлар ва штатларнинг қисқартирилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Агентлик вакилига кўра, сўнгги уч йилда давлат хизматларида 1500 та штат қисқартирилган. Хусусан:

Ҳукумат аппаратидан 300 тадан ортиқ;

Президент администрациясидан икки йил олдинги ислоҳотларда яна 300 дан ортиқ штат қисқартирилган.

Шунингдек, ҳозир вилоятлардаги туманларда тажриба тариқасида ҳоким ўринбосарлари сони тўрттагача камайтирилгани, жумладан, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосар лавозими ёшлар сиёсати масалалари бўйича ўринбосар билан бирлаштирилгани маълум қилинди. Агар йил охиригача бу тажриба ижобий натижа берса, уни барча ҳудудларда жорий этиш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида йиллар давомида кечикиб келаётган Жамоатчилик палатаси масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди:

“Ҳозирда Жамоатчилик палатасининг фаолиятини йўлга қўйиш, унинг қай ҳолатда самарали ишлашини таъминлаш механизмларини яратмоқдамиз. Ҳозирча ҳамма нарса тайёрланди десак ҳам бўлади, ҳужжатлари тўлиқ ҳолатда. Энди фақат жамоани йиғиш қолди. Яқин кунларда мутахассислар жамоаси шакллантирилиб, иш бошланади деган ниятдамиз”, дейди агентлик раҳбари ўринбосари.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.