Ҳудудларда имтиёзли суюлтирилган газни спекулянтлар орқали қайта сотиш схемалари фош этилди

Ҳудудларда имтиёзли суюлтирилган газни спекулянтлар орқали қайта сотиш схемалари аниқланди
Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Ўзэнергоинспекция» ходимлари бутун республика бўйлаб аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газ баллонларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган рейдлар ўтказди.
Жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари ўтказилган текширувлар давомида 120 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланди, шундан 39 та ҳолатда газ таъминоти ташкилотлари ходимларининг бевосита алоқадорлиги аниқланди. Ашёвий далил сифатида ноқонуний айланмадан 3 мингдан ортиқ газ баллони ва 13 636 килограмм суюлтирилган газ олинди.
Жумладан, Жиззах вилоятида 9 та ҳолатда келгусида қайта сотиш мақсадида 239 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланди, жумладан, Зомин тумани газ таъминоти бўлимининг собиқ юқори лавозимли ходими қариндошининг хонадонида 152 та баллонни яширинча сақлаб келган.
Сирдарё вилоятида Хавос тумани газ таъминоти бўлими мансабдор шахсининг хонадонида ҳужжатсиз 30 та баллон аниқланди, Навоий вилоятида Хатирчи тумангаз ҳайдовчисидан 26 та баллон олинди, Фарғона вилоятида эса Қўштепа тумангаз муҳандиси ва слесари аҳоли учун мўлжалланган 8 та газ баллонини ноқонуний сотиш учун ўз хонадонларида сақлаб келишган.
Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ургут тумани газ тўлдириш шохобчаси қоровули тўлдирилган 3 та баллонни 2,5 миллион сўмга сотишга уринган вақтида ушланди.
Пастдарғом туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, тезкор ходимлар тўлдирилган 22 та баллонни аниқладилар. Эркак уларни тумангаз ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан сотиб олиб, фуқароларга 100 минг сўмдан қайта сотиб келган.
Сурхондарё вилоятида 65 та баллоннинг ноқонуний сақланиши ҳужжатлаштирилди, хусусан, Бандихон туманида яшовчи 39 ёшли фуқаро юқори нархда қайта сотиш учун тумангаз ҳайдовчисидан 32 та баллонни 70 минг сўмдан харид қилган.
Ана шундай ҳолатлар Қорақалпоғистон, Хоразм, Наманган ва бошқа вилоятларда ҳам аниқланди, фуқароларга эса бу каби ҳуқуқбузарликлар ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақамли колл-марказига хабар бериш имконияти эслатиб ўтилди.

