«Ҳозир журналистларнинг ҳимоячиси ким?» - давлат идораси матбуот хизмати ва ОАВ ўртасидаги муносабатлар ҳақида суҳбат
Ахборот сўрашга жавоб бермаслик, журналистларни телефон орқали блоклаш, «раҳбардан рухсат олишим керак» қабилидаги важлар, шунингдек, расмий сўровларга ойлаб жавоб бермаслик – булар бугун журналистлар давлат ташкилотлари билан ишлашда дуч келаётган муаммолардан айримлари.

«Ҳозир журналистларнинг ҳимоячиси ким?» - давлат идораси матбуот хизмати ва ОАВ ўртасидаги муносабатлар ҳақида суҳбат
Қонунчиликда ОАВнинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланган бўлса-да, амалиётда журналистлар бу ҳуқуқдан фойдаланишда баъзан турли тўсиқларга дуч келмоқда.
Бугун ахборот оқими ниҳоятда тез. Кун давомида юзлаб воқеалар юз беради ва журналистдан улар ҳақида тезкор, ишончли ҳамда холис ахборот тайёрлаш талаб этилади. Бунинг учун эса воқеа юзасидан расмий муносабат ва зарур маълумотни ўз вақтида олиш муҳим. Аммо журналист давлат ташкилотларининг ахборот хизматларига мурожаат қилганда, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 35¹-моддасига кўра сўровлар кўпи билан 7 кун ичида кўриб чиқилиши белгиланган бўлса-да, амалиётда айрим тезкор ахборотларга жавоб бир неча ҳафта, ҳатто ойлаб берилмаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда.
Ватандош ахборот портали асосчиси Ботиржон Шермуҳаммад журналистлар дуч келаётган муаммоларни, аввало, давлат ташкилотларининг ахборот хизматлари билан боғлиқ алоқа каналлари етарли даражада йўлга қўйилмагани билан изоҳлайди:
«Баъзи ташкилотлар бизга икки ой давомида ҳали жавоб берилмаган расмий сўровлар бор. Ҳатто баъзи матбуот хизматлари “раҳбаримнинг рухсатисиз жавоб беролмайман” деган важни келтиради. Ахир мен матбуот хизматининг раҳбариман, лекин бошлиғим рухсатисиз жавоб беролмайман, дейди. Биз Корея билан боғлиқ бир суриштирув доирасида “ҲРД Кореа”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ҳам хат юбордик. Унга ҳам бир ойга яқин вақт бўлди, ҳалигача расмий жавоб йўқ. Энг қизиғи, улар “жавобни Миграция агентлигига юбордик”, дейишяпти. Биз эса Миграция агентлигига хат ёзмаганмиз, улардан жавоб ҳам олмаганмиз. Бу каби ҳолатлар нафақат давлат ташкилотларида, балки хорижий ташкилотларнинг ваколатхоналарида ҳам учрамоқда».
Kun.uz интернет нашри мухбири Гулмира Тошниёзова ҳам ўз иш тажрибасида шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келганини айтади:
«Иш жараёнимдан келиб чиқиб айтаман, кўчирилган дарахтлар масаласида 16-мартда Экология қўмитаси тизимидаги идораларга сўров юборганман, “раҳбардан сўрайман” каби турли важлар билдирилди ва орадан бир ой ўтиб ҳам жавоб ололмадим. Бош прокуратура ахборот хизматига 3-мартда юборган сўровимга эса 3-августда жавоб олдим. Юридик университетга юборган сўровимга қарийб бир ой бўлди, ҳали ҳам жавоб йўқ. Ҳолбуки, бу масала янги ўқув йили бошланишидан олдин ҳал қилиниши керак эди».
Бу каби ҳолатларда муаммо фақат жавобнинг кечикишида эмас, балки «раҳбардан рухсат олиш керак» қабилидаги важларнинг ўзини жавоб ўрнида тақдим этилишида ҳам кўринади. Дарё интернет нашри мухбири Мусулмонбек Иброҳимов мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратди:
«Мана, масалан, 7 кунда “жавоб беролмайман” дедими ёки “раҳбаримдан сўрашим керак” дедими - бўлди, бериш керак уни. Бу раҳбардан сўрар экан, кейин берар экан деб, яъни иккинчи томонни жавоб сифатида бериш керак. Бунинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам бор. Лекин уларнинг жамоатчилик билан қанчалик ишлаётганини жамоатчиликнинг ўзи баҳолаши керак. Яъни у “раҳбаримдан сўрайман” деяптими - демак, раҳбари жавоб бермаган. Тамом. Демак, унинг ҳам, раҳбарининг ҳам жамоатчиликка нисбатан муносабати расво. “Ундан сўрайман, бундан сўрайман” деган масала бўлмаслиги керак», - дейди у.
Ҳуқуқшунос «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунга кўра, ташкилотлардаги ахборот хизмати ва унинг вакиллари ОАВ билан ишлаш ва сўровларга жавоб бериш учун масъул ҳисобланишини, журналистнинг сўровига жавоб бериш эса ахборот хизматининг мажбурияти эканини таъкидлади.
«Журналистлар ташкилот фаолиятига оид жуда кўп маълумотларни сўраши мумкин: қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг ижроси, давлат дастурлари, тендерлар, бюджетдан ва бюджетдан ташқари маблағлар, харажатлар ҳамда давлат ташкилотининг жисмоний ва юридик шахслар билан муносабатлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқи бор. Албатта, қонунчиликда ахборот берилиши чекланган ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, давлат сири, тергов сири, адвокатлик, нотариат ёки банк сирига оид маълумотлар берилиши мумкин эмас. Лекин бундай истиснолардан ташқари, қонун билан очиқ деб белгиланган ахборотни тақдим этиш ахборот хизматининг вазифасидир. Шунинг учун “раҳбаримдан сўрашим керак” деган важнинг ўзи журналист сўровига жавоб ўрнини босмайди. Ахборот хизмати ўз ваколати доирасида журналистга жавоб бериши, агар маълумотни бериш мумкин бўлмаса, бунинг ҳуқуқий асосини кўрсатиши керак», - дейди адвокат Шоҳжаҳон Шомуродов
Журналистларнинг ахборот сўрови билан боғлиқ яна бир муаммо - мурожаат шакли масаласида ҳам турли ёндашувлар борлиги. Айрим ҳолатларда матбуот хизматлари телефон ёки Телеграм орқали берилган саволларга жавоб бериш ўрнига журналистдан, албатта, ёзма сўров юборишни талаб қилади. Ҳуқуқшунослар эса қонунчиликда мурожаатнинг оғзаки, ёзма ёки электрон шакллари назарда тутилганини таъкидламоқда:
«Биз телефон қилиб ёки Телеграм орқали ёзсак, “ёзма сўров юборинг” дейишади. Ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлайдиган ёки қонунчилик билан бевосита ишлайдиган одамлар ҳам шундай дейди. Ҳолбуки, қонунчиликда мурожаат оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда бўлиши мумкинлиги белгиланган. Сиз масъул идорага ўз сўровингизни юборяпсизми, тамом, уни қабул қилиш ва кўриб чиқиш керак. Сенга журналист сўров билан чиқяптими - журналистга жавоб бер. “Биз эълон қиламиз, хоҳласанг эълон қил, хоҳласанг эълон қилма”. Менинг назаримда, ўша матбуот хизматида ишлайдиганларнинг биринчи муаммоси - ўзининг мавжуд функсионал вазифаларини билмаслиги. Иккинчи масала - шу ташкилотларнинг раҳбарлари билан боғлиқ. Амалиётда матбуот хизмати очиқликни хоҳлайди, журналистлар билан ишлашни хоҳлайди, афсуски, раҳбарлар қўймайди. Бизга ўзлари ҳам айтади: “Сизга беришим мумкин, лекин мен раҳбарим билан тескари бўлиб қоламан, бу ерда ишим бор», - дейди Мусулмонбек Иброҳимов.
Гулмира Тошниёзова матбуот хизматларининг бугунги фаолиятида ижтимоий тармоқларга ортиқча эътибор қаратилаётганини таъкидлайди:
«Бугун матбуот хизматларига раҳбарият томонидан катта юклама берилган. Улар ташкилотнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини юритиш, Инстаграм, Телеграм ва бошқа платформаларни тўлдириш билан кўпроқ овора бўлиб қоляпти. Бу эса улардан жуда кўп вақт ва ресурс талаб қилади. Натижада матбуот хизматининг энг асосий вазифаси - оммавий ахборот воситалари билан ишлаш функсияси орқага сурилиб қоляпти. Улар кўпроқ ташкилотнинг ижобий имижини кўрсатиш, тадбирлар ва турли лойиҳаларни ёритиш билан банд. Ҳолбуки, матбуот хизматининг вазифаси фақат ижтимоий тармоқларни юритиш эмас», - дейди у
Матбуот хизматларининг бугунги вазифалари ва уларга ажратилаётган ресурслар ҳақида сўз борганда, Ботиржон Шермуҳаммад уларнинг айрим ҳолларда ОАВ билан ҳамкорлик қилиш ўрнига медианинг ўзига хос вазифаларини бажаришга уринаётганини таъкидлайди:
«Ҳозир матбуот хизматининг харажати ошиб кетган. Айниқса, марказий давлат ташкилотларида матбуот хизмати раҳбарлари катта маош оляпти, ходимлари ҳам кўпайиб, 8-10 нафаргача етиб кетган ҳолатлар бор. Нега? Баъзи ҳолатларда булар ОАВнинг ўрнини эгаллашга ҳаракат қиляпти. Катта давлат ташкилотлари подкастлар қилади, филмлар олади. Кечирасизлар-у, сизнинг вазифангиз - ташкилот ишини ёритиш, бизга улаш, эксперт ёки раҳбар билан интервю ташкил қилишга ёрдам бериш. ОАВнинг ишини қилиб, унда биз ОАВни ёпайлик, ўзлари бемалол юришаверсин, нима қиламиз бекордан бу ерда. Энг асосий вазифаси қолиб кетиб, қўшимча вазифаларни оляпти. Ҳатто айрим ҳолларда ихтисослашган сайтлар билан рақобатлашаётгандек бўлади. Биз ҳақимизда маълумот бермасликка, бизда чиққан материални бошқача кўринишда беришга ҳаракат қилишади. Бу носоғлом вазият. Нега уларга шунчалик кўп маблағ ажратилгани ва бу харажатлар ўзини оқлаяптими, деган савол бор. Ахир давлат ташкилотининг матбуот хизмати ОАВ билан рақобатлашиши керак эмас».
Унинг фикрича, очиқликка тўсқинлик қилаётган яна бир масала - жамоатчилик учун муҳим маълумотларни «хизмат доирасида фойдаланиш учун» деган гап билан чеклаш амалиёти.
«Жуда кўп давлат ташкилотлари сайтларида чекланган маълумотлар рўйхатини эълон қилган. У ерда жуда кўп ҳужжатлар ХДФУ қилиб кўрсатилган. Масалан, Миграция агентлиги четга юбориш хизмати тарифини - 50 БҲМ миқдоридаги тўловни ҳам ХДФУ қилиб қўйган. Биз уни манбалар орқали олиб, эълон қилганимиздан кейин “бу ХДФУ эмас” деб тан олишди ва ўзгартиришини айтди. Лекин йиллар давомида жамоатчилик бу катта тарифдан хабарсиз бўлиб келган. Жамоатчиликка керакли маълумотларни ХДФУ ёки хизмат сири деган важ билан яшириб, кейин очиқлик ҳақида гапириш мумкин эмас. Бу ерда эркин маълумот олиш ҳуқуқи билан давлат ташкилоти амалдорларининг манфаати тўқнашяпти».

