Ҳонда электромобилни ҳаракат вақтида қувватлантирувчи йўл макетини намойиш этади
Ҳонда электромобилларни ҳаракат вақтида, тўхтамасдан симсиз қувватлаш имконини берувчи технологияни намойиш этади. Бунинг учун электр энергиясини автомобилдаги қабул қилгичга узатувчи махсус модуллар йўл қопламасига ўрнатилади.

Ҳонда ҳаракатланаётган электромобилни қувватлантирувчи йўл макетини кўрсатади
Япониянинг Ҳонда компанияси Жапан Мобилитй Шов Бизвеек кўргазмасида ҳаракатдаги электромобилни симсиз қувватлаш тизими макетини намойиш этади.
Тадбир 13–16-октабр кунлари Макуҳари Мессе кўргазма марказида бўлиб ўтади.
Тизимда йўл қопламасига ўрнатилган узаткичлар энергияни ҳаракатланаётган автомобилдаги қабул қилгичга узатади. Ушбу технология Ҳонда Р&Д компанияси томонидан Таисеи қурилиш компанияси ва Таисеи Ротес йўл қурилиши компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган: Ҳонда узаткичлар ва қабул қилгичга, Таисеи юқори тезликдаги ўзгармас ток манбаига, Таисеи Ротес эса ускуналарни йўл қопламасига жойлаштириш усулларига масъул ҳисобланади.
Ҳонда баёнотига кўра, унинг йўл модуллари инвертор ва ғалтакни битта корпусда бирлаштирган илк ишланмадир. Бу бутловчи қисмлар сони ҳамда йўл ишлари ҳажмини камайтириб, модулларни амалдаги йўлларга ҳам ўрнатиш имконини беради. Синов трассасида модуллар ва қоплама тахминан 20 тонналик транспорт воситалари келтириб чиқарган юкламани кўтара олди. 2026-йил охиридан бошлаб қурилиши режалаштирилган Тамурадаги иккинчи полигонда эса ғилдиракларнинг миллион марта босиб ўтиши ҳамда электромагнит майдон сизиб чиқиши синовдан ўтказилади.
Умумий фойдаланишдаги йўлларда синовлар 2027-йилдан бошланиши кўзда тутилган. Дастлабки синовлар логистика ва йирик тижорий транспортларда, жумладан, Тибадаги Татеяма тезюрар автомагистралида ўтказилади. Ҳонда тизимнинг анъанавий тезкор қувватлаш тармоғига нисбатан нархи ҳақида ҳозирча маълумот бермади: унинг иқтисодий жиҳатдан қанчалик фойдали экани ҳам ҳали баҳоланиши керак.

