Маҳаллий

Ҳокимликларда коррупсион жиноятлар кескин кўпайди

2024-йилда маҳаллий ҳокимликларнинг 106 нафар ходими коррупсион жиноятлар учун судланган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 497 нафарни ташкил этди. Энг кўп коррупсия содир этиладиган ҳудудлар рўйхатида Андижон вилояти биринчи ўриндан тушмай келмоқда.

Ҳокимликларда коррупсион жиноятлар сони кескин ошди

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 8-август куни Сенатнинг ялпи мажлисида 2025-йил якунлари бўйича коррупсияга қарши курашишга оид миллий маърузани тақдим этди.

Маъруза якунида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов айрим статистик маълумотларни ошкор қилди. Kun.uz нашри сенатор томонидан келтирилган рақамларни 2024-йилги кўрсаткичлар билан солиштирган ҳолда тақдим этади.

Маълумотларга кўра, 2025-йилда республика бўйича жами 7517 нафар шахс коррупсияга оид жиноятлар учун судлар томонидан жиноий жавобгарликка тортилган. Бу кўрсаткич бир йил аввалги (7354) ҳолатга нисбатан 163 нафарга ёки 2,2 фоизга кўпдир.

2025-йилда коррупсион ҳаракатлар натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар 2,9 триллион сўмдан ошган. 2024-йилда бу рақам 2,81 триллион сўмни ташкил этган эди.

Андижон вилояти коррупсион жиноятлар бўйича "етакчилик"ни сақлаб қолган: 2024-йилда бу вилоятда 882 киши коррупсия учун судланган бўлса, 2025-йилда уларнинг сони 946 нафарга етган.

Ўтган йили Тошкент вилоятида 793 нафар (бир йил аввал – 697 нафар), Қашқадарёда 745 нафар (695), Самарқанд вилоятида 709 нафар (643), Наманган вилоятида 549 нафар (877) шахс коррупсион жиноят содир этган.

Соҳалар кесимида маҳаллий ҳокимликлардаги коррупсия ҳолатларининг кескин ўсиши диққатга сазовордир. 2024-йилда ҳокимликларда ишловчи 106 нафар ходим коррупсион жиноятлар учун жавобгарликка тортилган бўлса, 2025-йилда бу рақам 497 нафарга етган.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш (2024-йилда 342 нафар; 2025-йилда 404 нафар) ва олий таълим муассасалари (90, 161) ходимлари орасида ҳам коррупсияга қўл урганлар сони кўпайган.

Шу билан бирга, мактабгача ва мактаб таълими тизимида (2024-йилда 654 нафар; 2025-йилда 580 нафар) ҳамда тижорат банкларида (271, 245) коррупсия билан боғлиқ ҳолатлар сони камайган.

“Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда коррупсияга қарши курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асослар яратилган бўлса-да, айрим соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳали ҳам асосан коррупсия оқибатларини бартараф этишга қаратилмоқда. Коррупсияни келтириб чиқараётган тизимли сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган профилактик механизмлар, айниқса ички назорат тузилмалари, хавфларни баҳолаш ва раҳбарлар масъулиятини таъминлаш бўйича ишлар кутилган даражада самара бермаяпти”, – деди Абдулҳаким Эшмуродов.

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов эса ўз маърузасида манфаатлар тўқнашувига оид рақамларни келтирди.

Унинг сўзларига кўра, 2025-йилда 87 та ташкилотда манфаатлар тўқнашувига оид чекловларга риоя этмаслик ҳолатлари бўйича жами 14 172 та ҳолат (шундан 3622 таси мавжуд манфаатлар тўқнашуви, 10 550 таси эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) аниқланиб, уларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилган.

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун талабларини бажармаган 559 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юборилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.