Сиёсат

Ҳокимиятни ҳокимиятдан ким ҳимоя қилади? | 5 дақиқа

Қонунлар руҳи ҳақида эшитганмисиз? Ҳар бир инсоннинг танаси ва руҳи бўлганидек, қонунларнинг ҳам жисми ва жони бор. Қонуннинг танасини қоғозда, руҳини эса ҳаётда кўрамиз. Қоғозда адолатли туюлган қоида амалда кимнидир ҳимоя қилиши, бошқани эса ҳимоясиз қолдириши мумкин. Мутафаккирлар уч аср аввал айнан шу масала ҳақида бош қотиришган.

Ҳокимиятни ҳокимиятдан ким ҳимоя қилади? | 5 дақиқа

Монтеске бу асарда файласуф, ҳуқуқшунос ва сиёсий мутафаккир сифатида давлат, жамият, қонун ва инсон эркинлиги ҳақида фикр юритади. Ушбу қимматли китоб ўзбек тилига сиёсацҳунос Ҳамид Содиқ томонидан таржима қилинган.

Китобдан одатий қаҳрамонлар, кескин бурилишлар ва сирли воқеаларни кутманг. Бу ерда асосий қаҳрамон — ҳокимият, марказий қарама-қаршилик эса эркинлик билан мутлақ ваколат ўртасида кечади.

Асарда ҳокимиятни чеклаш масаласи кўтарилади. Монтеске инсон табиатини яхши англаган мутафаккир сифатида бир хавфга эътибор қаратади: ҳокимият қўлидаги ваколат чексиз бўлса, уни суиистеъмол қилиш эҳтимоли ҳам ортади. Шу боис жамият эркинлиги фақат раҳбарнинг яхши инсон эканига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак. Ҳокимиятни назорат қиладиган, унинг ўзбошимчалигини чеклайдиган тизим ҳам ишлаши лозим.

Монтескега кўра, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари бир қўлда жамланса, ҳақиқий даҳшат бошланади. Эркинлик хавф остида қолади. Чунки бундай вазиятда ҳокимиятнинг ўзини назорат қилиш имконияти деярли йўқолади. Тизим ёки шахснинг ўзини тийиб туриши, фаолиятига танқидий назар билан қараши ҳар доим ҳам осон эмас.

Оддийроқ айтганда, имтиҳон саволларини тузган одамнинг ўзи жавобларни текшириб, ўзига баҳо қўйса, натижага қанчалик ишонган бўлардингиз? Албатта, бу давлат бошқаруви билан бир хил эмас, аммо ваколатларни ажратиш нима учун кераклигини тушунишга ёрдам берадиган кичик мисол.

Муаллиф инсон ўз ҳуқуқларига ишониб яшаши, қонун билан ҳимояланиши ва ҳокимиятнинг ўзбошимчалигидан қўрқмаслигига урғу беради. Қонун фуқарони чеклаш воситаси бўлиш билан бирга, уни ҳимоя қилиш кафолатини ҳам таъминлаши керак.

Бироқ, ҳамма нарсада ҳокимиятни айблашга шошилманг. Монтеске фақат ҳокимият ҳақида ёзмайди. У нима учун турли мамлакатларда қонунлар бир-биридан фарқ қилишини ҳам тушунишга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, қонунлар тарих, урф-одатлар, иқтисодий шароит, дин, турмуш тарзи ва бошқа омиллар билан боғлиқ. Демак, бир мамлакатда иш берган қоида бошқасида худди шундай натижа бермаслиги мумкин. Қонунни жамиятдан узиб олиб ўрганиб бўлмайди.

Бугун ҳам қонунлар қабул қилинмоқда. Янги қарорлар чиқади. Турли идоралар ўз ваколатларини амалга оширади. Аммо ҳар қандай жамият учун муҳим саволлар ўзгармай қолаверади. Яъни қонун олдида ҳамма тенгми? Фуқаронинг ҳуқуқлари бузилса, у кимдан ҳимоя излайди? Ҳокимият ўз хатосини тан олишига ва уни тузатишига қандай шароит яратилган? Суд ҳақиқатан ҳам қонунга таяниб қарор чиқариши учун нималар керак?

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.