Сиёсат

«Ҳоким бова: «Микрофонни мендан узоқроқ тутларинг!» (Ҳажвия)

Ҳоким бованинг ишлари жуда яхши экан. Фақат унинг битта муаммоси бор экан, уям бўлса –

«Ҳоким бова: «Микрофонни мендан узоқроқ тутларинг!» (Ҳажвия)»

Ҳоким бованинг ишлари жуда яхши экан. Фақат унинг битта муаммоси бор экан — у ҳам бўлса журналист. Йўлда чуқурлик бўлса, журналист кўради. Кўчада чиқинди бўлса, журналист кўради. Одамларнинг муаммоси бўлса, журналист эшитади. Қаерда муаммо бўлса, фақат ва фақат журналист кўради.

Ҳоким бова эса буларнинг ҳаммасини фақат «Мажлис баённомаси»да кўрар экан.

Бир куни ҳоким бова журналистни қабулига чақиртирибди:

Ҳоким бова:

– Сиз мени нега танқид қиласиз?

Журналист:

– Сизда камчилик бор.

Ҳоким бова:

– Камчилик ҳаммада бор.

Журналист:

– Тўғри, лекин ҳаммада ҳокимлик йўқ.

Ҳоким бова:

– Ҳар нарсаниям ёзаверманг. Масалан, йўлда чуқур борлигини.

Журналист:

– Нима деб ёзай?

Ҳоким бова:

– «Йўл инфратузилмасида янги форматдаги табиий релеф шаклланмоқда», денг.

Журналист:

– Унда одамлар машинасини қаерда ҳайдайди?

Ҳоким бова:

– Буни ўзимиз назорат қиламиз.

Журналист:

– Қачон?

Ҳоким бова:

– Чуқурлар тўлганда.

Журналист:

– Чуқурни ким тўлдиради?

Ҳоким бова:

– Кўп савол берманг!

Журналист кулди:

– Сиз ишламаган жойда савол кўпайиб кетаяпти, холос!

Ҳоким бова бир зум жим қолибди ва:

– Менинг яхши томонларимни ёзинг!

Журналист:

– Ёзаман, майли!

Ҳоким бова:

– Қачон?

Журналист:

– Камчиликларингиз камайганида!

Ҳоким бова:

– Қачон камаяди?

Журналист:

– Танқиддан қочмай, муаммоларни тузатишни бошлаганингизда.

Ҳоким бова:

– Биз сиз, журналистлар билан ҳамкорлик қиламиз!

Журналист:

– Қандай ҳамкорлик?

Ҳоким бова:

– Биз ҳам гапирмаймиз, сиз савол бермайсиз.

Журналист:

– Бу ҳамкорлик эмас!

Ҳоким бова:

– Нима унда?

Журналист:

– Икки томонлама сукут.

Ҳоким бованинг асаби чиқиб:

– Журналистлар ҳамма нарсани катталаштириб, бўрттириб кўрсатади!

Журналист:

– Чунки ҳокимлар кўп муаммоларни кичрайтириб кўрсатишга аллақачон мутахассис бўлиб кетишган.

Ҳоким бова:

– Сизларга нима керак ўзи?

Журналист:

– Оддий нарса.

Ҳоким бова:

– У нима?

Журналист:

– Савол берсак, жавоб. Хато кўрсацак, тузатиш. Муаммо айцак, ечим.

Ҳоким бова:

– Яна бошқа нима?

Журналист:

– Бошқа нарса йўқ.

Ҳоким бова:

– Мақтов-чи?!

Журналист:

– Ишласангиз, халқнинг ўзи мақтайди.

Ҳоким бова:

– Унда журналистларнинг кераги ҳам йўқ экан-да...

Шу пайт котиб кириб қолади:

– Ҳоким бова, журналистнинг оператори ҳам шу ерда экан...

Ҳоким бова бошини ушлаб:

– Нима, мақсади нима экан? Нима демоқчи?

Котиб:

– «Мен ҳеч нима демайман», деяпти...

Ҳоким хурсанд бўлиб:

– Ана, операторлар яхши экан...

Котиб:

– Йўқ, у эфир учун микрофон ҳам олиб келган.

Ҳоким бова анграйиб қолибди.

Журналист:

– Қўрқманг, ҳоким бова, микрофон одамни емайди.

Ҳоким бова:

– Йўқотинглар, буниям, операториниям!

Шу пайт ҳокимнинг хизмат хонасига микрофон тутган оператор кириб келди. Ҳоким бова қўрқиб, стол остига кириб кетди.

Журналист:

– Ҳоким бова, қўрқманг, биз фақат ҳақиқатни кўрамиз.

Ҳоким бова:

– Ҳақиқатни ўчириб қўйинглар.

Оператор:

– Ҳали буни ўчириш тугмачаси чиқмаган.

Шу пайт котиб яна ҳовлиқиб кирди:

– Видео интернетга чиқиб кетибди!

Ҳоким бова:

– Қайси видео интернетга чиқиб кетибди?

Котиб:

– Сизни микрофондан қочиб, стол остига кириб олганингиз.

Ҳоким бова:

– Кўришлар сони?

Котиб:

– Бир миллионга яқин...

Ҳоким бова хурсанд бўлиб:

– Демак, шунча халқ мени яхши кўраркан-да?!

Журналист:

– Йўқ, ҳоким бова, бир миллион киши стол остидаги «ижтимоий фаоллигингиз»ни кўрган...

Ҳоким бова:

– Ўчиринглар, дарҳол ўчиртиринглаааар...

Журналист:

– Ҳоким бова, битта савол...

Ҳоким бова:

– Йўқолларинг савол-паволларинг билан...

Журналист:

– Ҳали савол берганим йўқ-ку?!

Ҳоким бова:

– Берма!

Ва жаҳл билан ўшқириб:

– Ҳамма муаммони сенлар қиласанлар!

Журналист:

– Биз муаммо қилмаймиз, биз бор муаммони олиб чиқамиз!

Ҳоким бова:

– Мен сенлардан қўрқмайман!

Шу заҳоти микрофон унга яқинлашди. Ҳоким бова икки қадам орқага чекинди ва:

– Микрофонни мендан узоқроқ тутларинг!

Журналист:

– Эфир учун сарлавҳа тайёр! Буни ўзингиз бердингиз.

Ҳоким бова:

– Қандай?

Журналист:

– «Ҳоким бова: «Микрофонни мендан узоқроқ тутларинг!»

Ҳоким бова:

– Э-э, журналистлардан қочиб бўлмас экан-да...

Журналист:

– Қочманг, ҳоким бова, қочманг! Журналистдан қочсангиз, камера орқангиздан боради.

Ҳоким бова:

– Унда қаерга бораман?!

Журналист:

– Ишлашга, ҳоким бова, ишлашга. У ерда микрофон ҳам, халқ ҳам сиздан рози бўлади...

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.