Ҳиндистондан Ўзбекистонга олиб келинадиган гўшт ҳалол сертификати асосида тайёрланади

Ҳиндистондан Ўзбекистонга келтириладиган гўшт маҳсулотлари ҳалол сертификати асосида тайёрланади.
Ўзбекистон Ҳиндистон билан гўшт импортини ошириш, шунингдек, ушбу мамлакатда гўшт етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик ва озиқ-овқат соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайган. Ҳиндистондан Ўзбекистонга нисбатан арзон гўшт маҳсулотларини олиб кириш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда. Бу йўналишда қўшма корхоналар ташкил этилган бўлиб, Ҳиндистоннинг Алана компанияси билан келгуси йилларга мўлжалланган йирик режалар ишлаб чиқилмоқда.
Абдураҳмонов гўшт импортида ҳалоллик ва маҳсулот хавфсизлиги асосий талаблардан бири бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, Ҳиндистонда гўштни тайёрлаш ва сўйиш жараёнларида Ўзбекистон мутахассисларининг иштироки, шунингдек, тегишли халқаро ва ҳалол сертификатларини таъминлаш бўйича келишувларга эришилган.
“Ўзимизнинг озиқ-овқат корхоналари гўштни ўша жойда тайёрлаб, кейин экспортини йўлга қўйиши режалаштирилмоқда”, деди вазир.
Шунингдек, гўштни Ўзбекистонга етказиб бериш логистикасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирнинг маълум қилишича, Туркиядаги Мерсин порти орқали Ҳиндистон, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама логистика йўналишини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Вазир Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги савдоси ҳам сезиларли даражада ошганини қайд этди. Унинг айтишича, сўнгги йилларда савдо айланмаси уч баробардан кўпроқ ўсган. Ҳиндистондан гўшт маҳсулотлари импорт қилинаётган бўлса, Ўзбекистон 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни ушбу мамлакатга экспорт қилиш бўйича рухсатномалар, жумладан, фитосанитар рухсатномалар ва лицензияларга эга бўлган.
Бундан ташқари, Ҳиндистон билан уруғчилик ва янги қишлоқ хўжалиги экинларини жорий этиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинмоқда. Хоразмда шўрга чидамли пахта навлари 12 минг гектар майдонда синовдан ўтказилмоқда. Сабзавот ва озуқа экинлари учун янги уруғлар ҳам Ўзбекистонга олиб келинмоқда.
Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш доирасида ғўза қатор ораларига зира экиш бўйича тажрибалар ҳам ўтказилмоқда. Бу мақсадда Ҳиндистондан 10 тоннадан ортиқ зира уруғи олиб келиниб, республика бўйлаб синовдан ўтказилган.
Шунингдек, Ҳиндистон билан жут етиштириш бўйича ҳам янги ҳамкорлик йўналиши ривожлантирилмоқда. Ҳозирда қарийб 2 минг гектар майдонда жут етиштирилаётгани, келгуси йилларда ушбу экин майдонини камида 50 минг гектарга етказиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, табиий толаларга бўлган эҳтиёж юқори бўлиб, Ўзбекистон йилига қарийб 30 миллион долларлик шундай маҳсулотларни импорт қилади. Ҳиндистон эса жут етиштириш бўйича катта тажрибага эга бўлиб, мамлакатда бу экин 1 миллион гектарга яқин майдонда етиштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Кўксарой қароргоҳида 30-август куни ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди иштирокида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтганди.

