Ҳиндистонда бошсиз чақалоқ жасади топилди

Ҳиндистонда бошсиз чақалоқ жасади топилди
Ҳиндистондаги крематорий дарвозаси яқинидан бошсиз чақалоқнинг жасади аниқланди. Полиция боланинг ўлим сабабларини аниқлаш учун тергов ишларини бошлади.
Жасад маҳаллий аҳоли мурожаатидан кейин Деҳлининг Муборакпур Дабас ҳудудида топилган. Чақалоқ тахминан икки-уч ойлик бўлган. Жасад суд-тиббий экспертизасига юборилди.
Полиция маълумотига кўра, суд-тиббий экспертиза боланинг ўлим сабабини, шунингдек, жасад бола вафотидан кейин ташлаб кетилганми ёки у ўлдирилиб, шу ерга олиб келинганми, деган саволга аниқлик киритади.
“Тахминларга кўра, бола табиий сабабларга кўра вафот этган ва кимдир оккулт амалиётнинг бир қисми сифатида унинг жасадини таҳқирлаган бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳали аниқланмаган”, деди полиция ходими.
Терговчилар далилларни текшириш, эҳтимолий гувоҳларни сўроқ қилиш ва чақалоқнинг бошини топиш учун бир нечта гуруҳ тузган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари крематорий ҳудудини ҳам кўздан кечирмоқда. Жасад қандай қилиб дарвоза олдига келиб қолганини аниқлаш учун крематорий ходимлари билан суҳбатлар ўтказилмоқда.
Воқеа жойига Роҳини тумани полицияси раҳбарлари ҳам етиб келган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеалар кетма-кетлигини аниқламоқда. Бир кун аввал Деҳли шимолидаги бошқа ҳудудда ҳам танасида жароҳат излари бўлган номаълум шахснинг жасади топилган эди. Марҳумнинг шахси ҳозирча аниқланмаган.

