Ҳарбий сафарбарлик ҳақидаги миш-мишлар фонида россиялик амалдорлар бойликларини хорижга кўчиришга уринмоқда — Блоомберг

Ҳарбий сафарбарлик ҳақидаги миш-мишлар кучайган бир пайтда россиялик амалдорлар бойликларини хорижга олиб чиқишга уринмоқда — Блоомберг
Сўнгги ойларда Россиянинг юқори мартабали амалдорлари мамлакатда янги сафарбарлик бошланиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар фонида хорижий банкларда ҳисоб рақамлар очиб, ўз активларини чет элга кўчиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Блоомберг журналистлар қўлига тушган айрим ҳужжатларга таянган ҳолда хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, Россия ҳарбий комиссариати ходимлари ҳам худди шундай йўл тутмоқда. Бундан ташқари, улар дўстлари ва қариндошларига ҳам мамлакатни тарк этишни маслаҳат бермоқда.
Бир неча ҳафтадан бери Россияда Давлат думаси сайловларидан кейин урушга янги сафарбарлик эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу мавзуда ОАВ ва Украина расмийлари мунтазам фикр билдирмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг даъво қилишича, Россия ҳукумати кузда 300 минг кишини сафарбар этишни режалаштираётган бўлиши мумкин.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бунга муносабат билдириб, Украина расмийлари Россияда эҳтимолий сафарбарлик ҳақидаги баёнотлари билан мамлакатдаги вазиятни “мафкуравий жиҳатдан беқарорлаштиришга” уринаётганини айтди.
Владимир Путин эса “бугунги кунда сафарбарликни талаб қиладиган ссенарий йўқ” дея миш-мишларга изоҳ берган. У бундай хабарларни “мутлақо бемаънилик” ва Россияга қарши “ахборот ҳужуми” деб атаган.

