Ҳар эҳтимолга қарши
Иркутск вилоятида ўлат касаллиги эҳтимоли туфайли Ўзбекистон тайёргарлик чораларини кучайтирди

Ҳар эҳтимолга қарши
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Россиянинг Иркутск вилоятидаги вазиятни кузатиб бормоқда. У ерда 27 ёшли аёлнинг ўлими ўлат (чума) касаллигининг эҳтимолий ҳолати билан боғланмоқда. Бемор ётган шифохонада карантин жорий этилди.
Яқинда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда Иркутск вилоятида ўта хавфли юқумли касалликнинг эҳтимолий ҳолати ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, аёл ўлимининг сабаби ўлатнинг эҳтимолий ҳолати билан боғланмоқда. Аёлнинг ўлимидан сўнг шифохона карантинга ёпилди, у билан мулоқотда бўлган одамлар эса изоляция қилиниб, шифокорлар назоратига олинди. Мутахассислар ўлим сабаби ва инфекциянинг келиб чиқишини аниқламоқдалар.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик қўмитаси Россиянинг ваколатли органлари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий вакиллари билан биргаликда вазиятни кузатиб бораётганини маълум қилди.
Идоранинг аниқлик киритишича, ташхис лаборатория шароитида тасдиқланганми-йўқми, инфекциянинг эҳтимолий манбалари ва юқиш йўллари, беморнинг ҳаракатланиш йўналиши, шунингдек, у билан мулоқотда бўлган шахслар доираси ўрганилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида инфекциянинг кириб келиши ва тарқалиши ҳолатларига қарши хизматларнинг шайлиги кучайтирилди.
Санэпидқўмита фуқароларни текширилмаган хабарларга ишонмасликка ва маълумотларни фақат расмий манбалар орқали кузатиб боришга чақирди. Агар вазият ўзгарса, расмийлар бу ҳақда қўшимча маълумот беришни ваъда қилмоқда.
Бундан аввалроқ мутахассислар Россия ва Мўғулистон чегарасида ўлатнинг табиий ўчоғи фаоллашганини қайд этган эдилар.

