Ҳар 30 дақиқада бир одам Эболадан ўлмоқда — БМТ

БМТ: Ҳар ярим соатда бир киши Эболадан вафот этмоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хабар беришича, Конго Демократик Республикасида (КДР) Эбола иситмаси аввалгидан тезроқ тарқалмоқда, мамлакатда ҳар 30 дақиқада бир киши ушбу касалликдан ҳаётдан кўз юммоқда.
БМТ Бош котиби ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Том Флетчернинг таъкидлашича, "вирус бизнинг жавоб чораларимиздан ўзиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди".
Унинг сўзларига кўра, БМТ ҳудудга Эболага қарши кураш бўйича бош координатордан ташқари яна 20 нафар ходимни юборган. Халқаро донорлар эпидемияга қарши кураш учун қарийб 300 миллион доллар ажратган.
Шунингдек, КДР ва унга қўшни тўртта давлатга илгари йўналтирилган 24 миллион доллардан ташқари, яна 30,5 миллион доллар ажратиш буюрилган.
Том Флетчернинг сўзларига кўра, "марҳумларни хавфсиз ва муносиб дафн этишни таъминловчи гуруҳлар сонини икки бараварга ошириш, даволаш марказлари ресурсларини уч бараварга кўпайтириш, мулоқотда бўлганларни кузатиш тизимини яхшилаш ҳамда тажрибалироқ раҳбарларни жалб қилиш зарур".
Бундан ташқари, ҳудуднинг тоза сув, санитария, тиббий ёрдам ва бошқа асосий хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш ҳам режалаштирилмоқда.
БМТ вакили ўз сўзларини якунлар экан, "аллақачон икки мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди ва яна кўпчилик хавф остида қолмоқда. Дунё уйғониши ва лоқайд бўлмаслиги керак", дея таъкидлади.
Эбола КДРнинг жами олтита вилоятида қайд этилган. 12-август ҳолатига кўра, 4660 дан ортиқ касаллик ҳолатлари ва 2184 ўлим ҳолати қайд этилган.

