Дунё

Ҳали ўқ узилмасидан: НАТО «Ғалаба назарияси»ни тақдим этди

НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари олий бош қўмондони Алексус Гринкевич эҳтимолий ҳужумга қарши уч босқичли мудофаа консепсиясини тақдим этди. «Ғалаба назарияси» деб номланган ёндашувга кўра, алянс мудофааси рақиб биринчи ўқни узишидан олдин - ҳужумга тайёргарлик белгиларини аниқлашдан бошланиши керак.

Ҳали ўқ узилмасидан: НАТО «Ғалаба назарияси»ни тақдим этди

ДВ хабарига кўра, Гринкевич бу консепсияни 12-октабр куни Варшавадаги хавфсизлик конференсиясида тақдим этган.

Унда эҳтимолий тажовузкорга қарши ҳаракатлар уч босқичга бўлинган: ҳужумни тўхтатиш — Блоск, ҳужум суръатини синдириб, олға силжишга йўл қўймаслик — Блунт ва зарурат туғилса, ҳужум қилаётган қўшинлар ҳамда уларни таъминловчи ва бошқарувчи ҳарбий тизимни тор-мор этиш — Бреак.

Гринкевичнинг тушунтиришича, разведка маълумотлари, кузатув тизимлари ва таҳлил орқали ҳужумга тайёргарлик белгилари олдиндан аниқланиши керак. Бу эҳтимолий рақиб ниятини баҳолаш ва НАТО кучларини ўз вақтида жойлаштириш имконини беради. Мақсад — алянснинг кутилмаган ҳужум қаршисида қолишига йўл қўймаслик.

Ҳужум юз берса, дастлабки босқичда асосий вазифа олдинги мудофаа чизиқларидаги қуруқлик қўшинларига юклатилади. Улар ҳужумни тўхтатиши, рақиб бўлинмаларининг ҳаракатини чеклаши ва уларни йўқ қилиши керак.

Айни пайтда авиация ва ҳарбий-денгиз кучлари космик ҳамда кибер воситалар кўмагида ҳаво ва денгизда устунликни имкон қадар тез таъминлаши кўзда тутилган.

Ҳужумлар давом эца, турли йўналишлардаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, юқори технологияли сенсорлар ва автоном қурол тизимлари орқали рақибнинг кейинги силжиши тўхтатилиши, ташаббус эса НАТО қўлига ўтиши режалаштирилган.

Агар рақиб шундан кейин ҳам ҳужумни давом эттирса ёки қўшимча кучларни жалб қилса, унинг ҳарбий тизимини ишдан чиқариш босқичига ўтилади. Бунда таъминот йўлларини издан чиқариш, бошқарув тизимларини йўқ қилиш ва ҳужумчи бўлинмаларни жанг олиб бориш қобилиятидан маҳрум этиш назарда тутилган.

Гринкевич НАТОнинг мақсади рақиб давлатни стратегик мағлубиятга учратиш эмас, балки алянс мамлакатларига ҳужум қилаётган кучларни ҳарбий жиҳатдан мағлуб этиш эканини таъкидлаган.

Бош қўмондон тахминан 15 дақиқалик нутқида Россия номини бирор марта очиқ тилга олмаган. Бироқ ДВ қайд этишича, консепсия, аввало, Москва томонидан эҳтимолий таҳдидни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

«Мен можарони муқаррар ёки энг яқин вақтда бошланиши мумкин деб ҳисобламайман. Бундай эмас», — деган Гринкевич.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.