Маҳаллий

“Ҳали метрополитен балансига ўтказилмаган”. Тошкент метросида электрон пандуслар нега тўлиқ ишламаяпти?

Тошкентда метро бекатларига ўрнатилган 38 та электрон пандус созлаш ишлари ҳали якунланмагани ва метрополитен балансига қабул қилинмагани сабабли тўлиқ ишламаяпти. Метрополитенга кўра, масъулларга жараённи тезлаштириш ва пандуслар сифатини таъминлаш бўйича бир неча марта мурожаат қилинган.

“Метрополитен балансига ҳали ўтказилмаган”. Тошкент метросида электрон пандуслар нега тўлиқ ишламаяпти?

Тошкент метроси бекатларида электрон пандусларни ўрнатиш ва созлаш ишлари ҳали якунига етмагани, шунингдек улар метрополитен балансига қабул қилинмагани сабабли тўлиқ ишга туширилмаяпти. Бу ҳақда 16-октабр куни Контент тайёрлаш марказида Транспорт вазирлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди, дея хабар бермоқда Газета мухбири.

Тошкент шаҳри транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромовнинг сўзларига кўра, депутатлар билан бир ҳафта аввал ўтказилган ўрганишда пандуслар ўрнатилгани, бироқ уларни расман эксплуатацияга қабул қилиш жараёни ҳали тугалланмагани аниқланган.

“Пудратчи уларни ўрнатиб берган, лекин охиригача эксплуатацияга топширмаган. Шунинг учун айрим бекатларда ишлаётган бўлса, айримларида ишламайдиган ҳолатлар бор”, — дейди у.

“Тошкент метрополитени” матбуот котиби Дониёр Нуруллаевнинг маълум қилишича, электрон пандусларни ўрнатиш Тошкент шаҳри ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилмоқда. Қурилиш-монтаж ва созлаш ишларига Технопарк МЧЖ масъул этиб белгиланган.

“Ишлар тўлиқ якунлангач, ўрнатилган пандуслар йўловчиларга ҳақиқатан ҳам қулай шароит яратиб бераётганига ишонч ҳосил қилганимиздан кейин уларни метрополитен балансига қабул қилиш режалаштирилган”, — дейди Нуруллаев.

Унинг айтишича, метрополитен пандусларни ўрнатишни жадаллаштириш ва уларнинг сифатини таъминлаш бўйича масъул ташкилотларга бир неча бор расмий мурожаат қилган.

Нуруллаевнинг маълум қилишича, электрон пандусларни барча ерости бекатларига ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирча уларнинг 38 таси синов тариқасида йўловчилар фойдаланиши учун мавжуд. Биринчи пандус Халқлар дўстлиги бекатида тест режимида ишга туширилган.

“Йўловчилар пандуслардан фойдаланиб, уларнинг камчиликлари ва қулайликларини баҳолашлари мумкин. Ҳар бир пандусда ундан қандай фойдаланиш, қайси тугмани босиб чақириш кераклиги кўрсатилган йўриқнома бор. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам қулайликлар яратилган”, — дейди матбуот котиби.

Дониёр Нуруллаевнинг айтишича, Сергели йўналиши ва ерусти ҳалқа йўлидаги бешта бекатда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус лифтлар ўрнатилган. Бироқ айрим йўловчилар белгиланган қоидаларга амал қилмасдан, ушбу лифтлардан фойдаланиши оқибатида уларда бир неча бор носозликлар кузатилган.

“Такрор огоҳлантиришларга қарамасдан, ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ёшдагилар ва ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган лифтлардан бошқа йўловчилар ҳам фойдаланиши ҳолатлари кузатилмоқда”, — дейди матбуот котиби.

Унинг маълум қилишича, метрополитен раҳбарияти ташаббуси билан Чинор бекатида барча йўловчилар учун мўлжалланган катта сиғимли лифт ўрнатилмоқда.

“Аввалги лифтлар бир вақтнинг ўзида беш нафар йўловчини ташиган бўлса, янги лифтлар бир вақтда 50−60 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади. Улардан барча йўловчилар фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, лифтлар фавқулодда вазиятларда одамларни тезкор эвакуация қилиш талабларига ҳам жавоб беради”, — дейди Нуруллаев.

Унинг таъкидлашича, келгусида бундай лифтларни ерусти ҳалқа йўлидаги бошқа бекатларда ҳам йўловчилар оқимидан келиб чиқиб, босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.