Иқтисодиёт

«Ҳали ҳам СССР меёрлари билан ишланяпти»: “Нима дард?”да йўл қурилишидаги сифат ҳақида суҳбат

Нега янги асфалт қилинган йўл орадан кўп ўтмай яна таъмирталаб бўлиб қолади? Муаммо асфалт сифатидами, йўлнинг асосидами ёки уни қуриш ва назорат қилиш тизимидами? Йўл қурилиши соҳасида қандай нормативлар амал қиляпти?

«Ҳали ҳам СССР меёрлари билан ишланяпти»: “Нима дард?”да йўл қурилишидаги сифат ҳақида суҳбат

Одатда йўл сифати тилга олинганда, одамлар унинг кўриниб турган қисми — асфалт қопламасига эътибор беради. Йўл текис бўлса, яхши деб баҳоланади, чуқурлар ёки тўлқинсимон жойлар пайдо бўлса, у сифациз қурилган деган хулоса қилинади.

Зиёдулла Баҳромовнинг айтишича, аслида йўл анча мураккаб муҳандислик иншооти ҳисобланади. У тупроқдан бошланади ва бир нечта асос ҳамда қоплама қатламларидан иборат бўлади. Шу боис фақат юқори қатламни янгилаш муаммони ҳал қилиб қўя қолмаслиги мумкин.

«Агар йўл асосини тўғри танласак, устки қатламини тўғрилаб қўйиш мумкин. Агар асос нотўғри танланган бўлса, устини тўғрилаб қўйсак, ўзимизни ўзимиз алдаган бўламиз. Маълум вақтдан кейин у барибир бузилади», - дейди мутахассис.

Унинг тушунтиришича, светофорлар яқинида асфалтнинг тўлқинсимон бўлиб қолиши ёки йўлда бўйлама ва кўндаланг деформациялар пайдо бўлиши ҳам фақат устки қоплама билан боғлиқ эмас.

Шу сабабли ҳар бир йўлга бир хил, тайёр қолип асосида ёндашиш нотўғри. Йўлнинг вазифаси, ундан ўтадиган транспорт интенсивлиги, оғир юк машиналари сони, тупроқ ва иқлим шароити ҳисобга олиниши керак.

Ўзбекистон иқтисодиёти ўсгани сари транспорт ҳаракати ҳам ортиб бормоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайиши хомашё ва товарларни ташиш, одамларнинг ҳаракатланиши ҳамда оғир юк транспортлари қатновининг кўпайишини англатади.

Баҳромовнинг таъкидлашича, инфратузилмадаги ўзгаришлар иқтисодиётдаги ўсиш суръатига ҳар доим ҳам етиб бора олмаяпти.

Бу масалада оғир транспорт алоҳида аҳамиятга эга. Мутахассис суҳбатда битта катта юк машинасининг йўлга туширадиган юки жуда кўп енгил автомобиллар таъсирига тенг келиши мумкинлигини айтади.

Шу боис йўлни фақат бугунги транспорт оқими учун эмас, балки келажакдаги юклама ва иқтисодий ўсишни ҳам инобатга олган ҳолда лойиҳалаш муҳим.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.