Ғорлар Ўзбекистонда янги туристик йўналишга айланади

Ғорлар Ўзбекистонда янги туристик йўналишга айланади
Ўзбекистонда ғорлар ва бошқа ер ости табиий объектларини янги туристик йўналишга айлантириш режалаштирилмоқда. 2026–2028 йилларда Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида зарур инфратузилмани яратиш, инвесторлар ва олимларни жалб қилиш, шунингдек, туристлар учун хавфсизлик қоидаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Спелеотуризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлади.
2026–2028 йилларда мамлакатнинг тўртта ҳудудидаги танлаб олинган объектларда замонавий туристик инфратузилма пайдо бўлади, шунингдек, ташриф буюрувчилар сонини кўпайтириш бўйича ишлар олиб борилади.
Бунда ғорлар ва бошқа объектлар ўз табиий ва тарихий қийматини сақлаб қолиши керак. Агар объект маданий меросга тегишли бўлса, ҳар қандай қурилиш ва таъмирлаш ишларини фақат зарур рухсатномалар олинганидан ва Маданий мерос агентлиги билан келишилганидан кейингина амалга ошириш мумкин бўлади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ишлар экологик талабларни ҳисобга олган ҳолда олиб борилади.
2026 йил якунига қадар Туризм қўмитаси ғорларнинг туристик салоҳияти тўғрисида фото-, видео- ва бошқа материалларни тайёрлайди ҳамда уларни Ягона миллий туристик платформага жойлаштиради. 2027 йилдан бошлаб халқаро илмий экспедициялар бошланади, шунингдек, туристлар учун энг қизиқарли бўлган объектлар маълумотлар базаси яратилади.
Шу билан бирга, расмийлар спелеотуризмни ривожлантиришга хусусий инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқда. 2026–2027 йилларда бизнесни жалб қилиш чоралари кўрилади, 2027 йилдан бошлаб эса ҳар йили маҳаллий ва хорижий инвесторлар иштирокида инвестиция форумлари, тақдимотлар ва ишбилармонлик учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган.
2027–2028 йилларда вилоятлар ҳокимликлари танланган ҳудудларда зарур инфратузилмани яратади: муҳандислик ва коммуникация тармоқлари, дам олиш зоналари, санитария-гигиена шохобчалари ва туристлар учун бошқа объектлар. Маҳаллий аҳолига оилавий меҳмон уйларини очишда ҳам ёрдам кўрсатилади.
Хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилади. Яқин ойларда ғорларга ташриф буюриш қоидалари ишлаб чиқилади, 2027 йилдан бошлаб эса мутахассислар учун йилига икки марта тренинглар ўтказилади.
Спелеотуризмни тарғиб қилиш мақсадида 2027 йилнинг май–июнь ойларида олимлар ва экспертлар иштирокида халқаро конференция бўлиб ўтади. Шунингдек, грантларни жалб қилган ҳолда спелеология, геология, гидрология ва биоспелеология соҳаларида ҳар йили тадқиқотлар ўтказилади.
Ўзбекистонда спелеотуризмни ривожлантириш ғояси аввал ҳам муҳокама қилинган эди. Хусусан, зарур норматив-ҳуқуқий базани яратиш, мамлакатнинг энг йирик ғорларини хорижий телеканаллар орқали тарғиб қилиш, илмий экспедициялар ташкил этиш ва ер ости туристик йўналишлари учун хавфсизлик стандартларини жорий этиш таклиф қилинган эди.

