Маҳаллий

Ғузорда пахтага сепилган дори оқибатида 22 нафар мактаб ўқувчиси заҳарланди

Қашқадарёнинг Ғузор туманида дала яқинидаги мактабнинг 22 нафар ўқувчиси пахтага сепилган доридан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Ҳозирда уларнинг 15 нафарига уйига жавоб берилган, 7 киши даволанмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Ғузорда пахтага сепилган дори сабаб 22 нафар мактаб ўқувчиси заҳарланди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 51-сонли мактабнинг 22 нафар юқори синф ўқувчиси ҳаво орқали кимёвий воситадан заҳарлангани ҳақида Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Воқеа 23-сентабр куни соат 11:45 лар атрофида содир бўлган. Мактабнинг 10−11-синф ўқувчиларида кўнгил айниши ва бош оғриғи каби белгилар кузатилгач, улар туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Уларга дастлаб “ошқозон диспепсия синдроми” ташхиси қўйилган.

Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, мактаб жойлашган “Янгиобод” маҳалласига туташ ҳудудда “Шохмалик Шермурод ўғли” фермер хўжалигига тегишли пахта майдонлари мавжуд бўлиб, унинг 20 гектари бевосита мактаб атрофида жойлашган.

Дастлабки маълумотларга кўра, шу куни тахминан соат 09:00 атрофида фермер хўжалиги пахтанинг эрта етилишини таъминлаш мақсадида майдонга “Агро Аугрон” номли дори воситасини сепган. Кислород орқали тарқалган ушбу восита оқибатида ўқувчилар заҳарланган.

Шифокорлар кўрсатган ёрдамдан кейин 15 нафар ўқувчининг аҳволи яхшилангани сабабли улар уйига жавоб берилган. Айни пайтда яна 7 нафар ўқувчи туман тиббиёт бирлашмасида стационар шароитда даволанишни давом эттирмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 201-моддаси 1-қисми (Атроф-муҳитни ифлослантириш ёки зарарли моддаларни оқизиш/оқизиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тегишли экспертизалар тайинланган, ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.