“Гулистон” ва “Нефтчи” Ўзбекистон кубоги чорак финалига чиқди
“Гулистон” Ўзбекистон кубоги чорак финалига чиққан илк Биринчи лига жамоасига айланди.

"Гулистон" ва "Нефтчи" Ўзбекистон кубогининг чорак финалига йўл олди.
Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг нимчорак финал босқичидаги иккита ўйин якунланди.
Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган "Сурхон" ва "Гулистон" жамоалари ўртасидаги баҳс "Гулистон"нинг 0:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиннинг 52-дақиқасида Асилбек Умирзақов томонидан киритилган гол ҳал қилувчи бўлди.
Бу ғалаба "Гулистон"ни Ўзбекистон кубоги чорак финалига чиққан биринчи Биринчи лига жамоасига айлантирди.
Куннинг иккинчи учрашуви Фарғонада, "Истиқлол" стадионида бўлиб ўтди. Унда "Нефтчи" "Пахтакор"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Мезбонларнинг ягона голини 81-дақиқада Стипе Перица киритди.
30-август куни яна иккита ўйин бўлиб ўтади. Унда "Сўғдиёна" "ҚМУ Жайҳун" билан, "Навбаҳор" эса "Насаф" билан чорак финал йўлланмаси учун кураш олиб боради.

