Гринкевич: Москванинг Европани қўрқитиш стратегияси иш бермаяпти
Россиянинг Европа Иттифоқи мамлакатларидаги диверсия кампанияси уларни Украинага ёрдам беришдан воз кечишга мажбур қила олмади. НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари бош қўмондони Алексус Гринкевич бундай ҳаракатларга жавобан Москванинг масъулиятини очиқ кўрсатиш ва Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга chaqirdi.yayaya

Гринкевич: Москванинг Европани қўрқитиш стратегияси самара бермаяпти
ДВ хабарига кўра, Гринкевич бу ҳақда 28-сентабр, душанба куни Европа парламентининг хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси аъзолари олдида сўзлаганида айтган.
Унинг таъкидлашича, Россиянинг Европа Иттифоқи давлатларида амалга ошираётган диверсиялари кутилган натижани бермаган. Бу ҳаракатларнинг мақсади Европа мамлакатларини қўрқитиш ва уларнинг Украинага ёрдамини тўхтатишга эришиш бўлган.
Шу билан бирга, Гринкевич бундай диверсиялар тобора «сурбет» тус олаётганини қайд этган. У мисол сифатида август бошида Лейпсиг аеропортида портловчи модда ўрнатилган учувчисиз учиш аппарати топилганини ҳамда сентабр ўрталарида Россия фрегати Дания ҳарбий вертолёти томон сигнал ракеталарини отганини эслатган.
«Булар қўрқув уйғотиш ва Украинани биргаликда қўллаб-қувватлашимизни издан чиқаришга уринишнинг яққол мисолларидир. Бу иш бермаяпти», - деган НАТО бош қўмондони.
У Дания билан боғлиқ ҳодисадан кейин Копенҳаген, аксинча, Киевга қўшимча ёрдам ажратганига эътибор қаратган.
«Агар мамлакатингиз гибрид ҳужумга учраса, Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги қатъиятни кучайтириш россияликларга уларнинг стратегияси иш бермаётганини кўрсатади ва, эҳтимол, уларни бу стратегиядан воз кечишга мажбур қилади», - дея қўшимча қилган Гринкевич.
Гринкевичнинг фикрича, Россия томони амалга ошираётган диверсиялар ва вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган бошқа ҳаракатларга энг самарали жавоб — улар учун Москвани очиқ айблаш ҳамда Украинага ёрдамни кучайтиришдир.
«Бу маълумотларни ошкор қилиш бундай ҳаракатларга ҳомийлик қилаётган давлатларга уларнинг қилмишларидан хабардор эканимизни англатади ва бундай операцияларнинг улар учун баҳосини оширади», - деган у.
Бош қўмондоннинг тушунтиришича, очиқ айбловлардан сўнг бундай давлатлар ўз тармоқлари самара бермаётганини ва хатти-ҳаракатларини ўзгартириши зарурлигини англайди. Унинг баҳосича, бунинг ўзи ҳам муайян тийиб турувчи таъсирга эга.

