Дунё

Грецияда муҳожирлар ва полиция тўқнашди: 35 киши ҳибсхонадан қочиб кетди

Грецияда муҳожирлар сақланадиган муассасада тартибсизликлар юз берди, натижада 35 киши қочиб кетди. Деуцче Велле нашрининг 23-августдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига таяниб хабар беришича, полиция уларнинг ярмига яқинини қайта қўлга олган.

Воқеа Болгария чегараси яқинидаги Синтики марказида содир бўлган. Муҳожирлар полиция ходимларига тош отганидан сўнг, ҳудудга қўшимча кучлар жалб қилинган. Полиция тартибсизлик иштирокчиларига қарши портловчи қуролларни қўллаган. Тўқнашувлар 23-август куни эрталабгача давом этган.

Ҳодиса оқибатида камида беш нафар мигрант жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган. Қочиб кетган 35 кишидан 17 нафари полиция томонидан қўлга олинган, қолган 18 кишини қидириш ишлари давом этмоқда.

Ушбу ҳибсхонада 450 га яқин киши сақланади ва улар ўз аризалари кўриб чиқилишини кутмоқда. Бироқ бу жараён жуда узоқ вақт олади.

Греция Европага киришни истаган муҳожирлар учун асосий йўлак ҳисобланади. Мамлакатнинг консерватив бош вазири бошпана берилмаган шахсларни депортация қилиш бўйича қатъий қоидаларни жорий этган.

Ҳозирда Греция Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари билан бирга Африка мамлакатлари билан музокаралар олиб бормоқда. Улар бошпана ололмаганлар учун махсус марказлар ташкил этишни режалаштирмоқда. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бу қарорни танқид қилмоқда.

Аввалроқ Шри Ланка бўйлаб турли қамоқхоналарда тартибсизликлар юз бергани ва оқибатда уч нафар маҳбус ҳалок бўлиб, 23 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.