Гренландия ва Антарктида 44 йилда 12 трлн тонна муз йўқотди

Гренландия ва Антарктида 44 йил ичида 12 трлн тонна муздан айрилди
Гренландия ва Антарктида 1979-йилдан 2023-йилгача қарийб 12,5 триллион тонна муз йўқотди. Бу эса жаҳон океани сатҳининг тахминан 3,1 сантиметрга кўтарилишига сабаб бўлди. Ушбу миқдордаги муз бутун АҚШ қитъаси ҳудудини 1,5 метр қалинликдаги қатлам билан қоплашга етар эди.
СНН Бразил нашри хабарига кўра, тадқиқотчилар 44 йил давом этган сунъий йўлдош кузатувларини таҳлил қилган. Улар 27 та сунъий йўлдош, жумладан НАСА миссиялари маълумотларини ўз ичига олган 45 та мустақил тадқиқотни бирлаштирган. Натижаларга кўра, муз массаси йўқолишининг олтидан беш қисми ҳаво исишидан эмас, балки илиқ денгиз сувидан келиб чиқади. Илиқ сув музликларни ён томондан ҳам, пастдан ҳам емирмоқда.
1970–1990-йилларда музликлар нисбатан барқарор эди. Аммо 2010-йилларда эриш тезлиги кескин ошди. 2020–2023-йилларда эса барқарорлашув кузатилди. Шунга қарамай, олимлар буни қисқа муддатли иқлим ўзгаришлари билан изоҳламоқда ва бу узоқ муддатли тенденсия ўзгарганини англатмаслигини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, Антарктидада яқинда кутилмаганда муз ҳажми ошгани ҳам қайд этилди. 2021-йил июлидан 2023-йил апрел ойигача шарқий Антарктидада кузатилган фавқулодда кучли қор ёғиши туфайли қитъа тахминан 695 миллиард тонна муз тўплади. Шунга қарамай, ғарбий Антарктида муз йўқотишда давом этди. 2003–2024-йилларда қитъа ўртача ҳисобда ҳар йили тахминан 140,5 миллиард тонна муз йўқотган.

