Гондурас суди Трамп афв этган собиқ президентдан барча айбловларни олиб ташлади

Гондурас суди АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп томонидан афв этилган мамлакатнинг аввалги раҳбари Хуан Орландо Эрнандесга нисбатан фирибгарлик ва пул ювиш бўйича барча айбловларни бекор қилди. Бу ҳақда суд идоралари вакиллари 1-сентябр куни маълум қилди. Эрнандес гиёҳванд моддалар контрабандаси билан боғлиқ айбловлар туфайли АҚШ қамоқхонасида сақланган ва тўққиз ой аввал озодликка чиқарилган эди.
Суд матбуот котиби Карлос Силванинг сўзларига кўра, судялар Эрнандес жиноят содир этилган вақтда бюджет қарорлари учун масъул бўлмаган деган хулосага келган. Шунингдек, ўзлаштирилган маблағларнинг унинг 2013-йилдаги президентлик кампаниясига йўналтирилганлиги тасдиқланмаган.
"Албатта, биз бундай натижани кутган эдик, чунки иш ҳеч қандай асосга эга эмас эди", деди Эрнандес суд биноси ташқарисида йиғилган тарафдорларига.
"Суд қарори аниқ. Бугун сиёсий таъқибларнинг ушбу бобига нуқта қўйилди. Буни уюштирганлар мени Гондурасдан умрбод ҳайдашни ва оиламни кўчада қолдиришни истаган эди", дея қўшимча қилди у мусодара қилинган мол-мулкларга ишора қилиб.
У бу ҳолатни "ҳақиқий вандализм" деб атади. Эрнандес суд биноси олдида рафиқаси Ана Гарсия билан бирга кўриниш берди. Ана Гарсия 2025-йилда ўз партиясидан президентликка номзод бўлишга ҳаракат қилган эди.
Эрнандеснинг тарафдорлари қарорни нишонлаётган бир пайтда, коррупсияга қарши курашувчи гуруҳлар хавотир билдирди. Уларнинг таъкидлашича, бу қарор халқнинг судларга бўлган ишончини янада поймол қилади. Шунингдек, улар айблов томонининг асосий гувоҳи суд қароридан бир неча соат олдин қамоқдан озод қилинганига эътибор қаратди. Суд котиби Карлос Силванинг билдиришича, прокурорлар ушбу қарор устидан ҳали шикоят қилиши мумкин.
Эрнандес июл ойининг охирида Гондурасга қайтиб келганди. У 2022-йилда гиёҳванд моддалар контрабандаси айблови билан АҚШга экстрадиция қилинган. Икки йил ўтиб, у айбдор деб топилган ва АҚШда 45 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ 2025-йилда АҚШ президенти Доналд Трамп уни афв этган.
Трампнинг Эрнандесни афв этиши Гондурасда ноябр ойида ўтадиган президентлик сайловига икки кун қолганда эълон қилинди. Кўпчилик буни мамлакатдаги сайловларга таъсир ўтказишга уриниш деб баҳолади. Трамп, шунингдек, агар Эрнандеснинг ўнгчилар "Миллий партияси"дан номзод Насри Асфура ғалаба қозонмаса, Гондурасга молиявий ёрдамни тўхтатишини айтган эди. Ҳозирда Асфура мамлакат президенти ҳисобланади.
Эрнандес АҚШ қамоқхонасидан озод этилгач, Гондурасда "Пандора ИИ" деб номланган кенг кўламли коррупсия суриштируви доирасида фирибгарлик ва пул ювишда айбланишда давом этди.
Прокурорлар Эрнандес ва бошқа юқори лавозимли амалдорларни 2010–2013-йиллар оралиғида 11 миллион долларга яқин давлат маблағларини сиёсий кампанияларга йўналтирганликда айблади. Ушбу маблағларнинг бир қисми Эрнандеснинг биринчи президентлик кампаниясига ишлатилгани айтилган. Маълум қилинишича, бошқа юқори мартабали амалдорлардан ҳам айбловлар олиб ташланди. Улар орасида собиқ президент Порфирио Лобо ва собиқ молия вазири Вилфредо Серрато бор.
Эрнандес Гондурасни 2014-йилдан 2022-йилгача бошқарган. Бу даврда ушбу Марказий Америка давлати гиёҳванд моддалар контрабандасининг асосий йўналишига айланган. Юз минглаб фуқаролар гиёҳвандлик билан боғлиқ зўравонлик ва товламачиликдан қочиб, мамлакатни тарк этган.
АҚШ прокурорларининг таъкидлашича, бу даврда Эрнандес ўз президентлик мавқейини суиистеъмол қилган. У мамлакатни наркодавлатга айлантирган ва контрабандачиларга ҳеч қандай жазосиз ҳаракат қилишга имкон берган.

