Голландия суди қарорига кўра, Lidl тармоғига Birkenstock сандалларининг нусхаларини сотиш тақиқланди
Суд қарорига кўра, Lidl компанияси Birkenstock компаниясига товон тўлаши ва унинг суд харажатларини қоплаши керак

Голландия суди қарорига кўра, Lidl компаниясига Birkenstock сандалларига ўхшаш нусхаларни сотиш тақиқланди
Голландия суди Lidl дискаунтер супермаркетлар тармоғи Нидерландияда Birkenstock брендининг машҳур сандалларига ўхшатиб яратилган нусхаларини сотишни тўхтатиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.
Агар дискаунтер супермаркетлар тармоғи ушбу талабга риоя қилмаса, унга сотув давом этган ҳар бир кун учун 5 000 евро (£4 200) миқдорида жарима солинади, шунингдек, қарорга кўра, у Birkenstock компаниясига сотувлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.
Бундан ташқари, Lidl компанияси Birkenstock етказган зарарни қоплаши ва унинг суд харажатларини тўлаши талаб этилади, бунинг аниқ миқдори алоҳида суд қарорларида белгиланади.
Birkenstock вакилларининг таъкидлашича, ушбу қарор «нусха кўчирувчиларга [бизнинг] ижодкорлигимиз ва инновацияларимиздан текинга фойдаланишга йўл қўйилмаслиги» ҳақида аниқ сигнал бўлди.
Ҳали устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган ушбу қарор, суд дискаунтер тармоғи бренднинг патентланган «ортопедик таглик дизайни» (footbed design) ҳуқуқларини бузган деб топганидан кейин, Lidl компаниясига Нидерландиянинг исталган ҳудудида Birkenstock’нинг Arizona, Madrid, Gizeh, Boston ва Florida моделларининг нусхаларини сотишни тақиқлайди.
Бу Birkenstock дизайнлари билан боғлиқ бир қатор суд қарорларининг энг сўнггисидир.
2025 йил ноябрь ойида Голландия судининг қарори билан Scapino ритейлерига шунга ўхшаш нусхаларни сотиш тақиқланган эди, ҳозирда ушбу иш бўйича апелляция кўриб чиқилмоқда.
Сўнгра, 2025 йил декабрь ойида Европанинг олий суди кундалик тижорат маҳсулотлари, агар улар ижодий дизайн танловини акс эттирса, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди. Birkenstock бу қарорни ўзининг «афсонавий» сандалларига бевосита алоқадор деб атади.
Бироқ, 2025 йил бошида Birkenstock Германия олий судида муваффақиятсизликка учраган эди.
Гарчи бу сандаллар Марго Робби «Барби» фильмида кийиши учун етарлича услубли бўлган бўлса-да, немис судьялари уларни санъат асари эмас, балки амалий маҳсулотлар деб топди — Birkenstock ўша пайтда бу натижани «бой берилган имконият» деб таърифлаган эди.
Чоршанба кунги қарордан сўнг, Birkenstock ўз ҳуқуқларини «қатъий ҳимоя қилишда давом этишини ва ўзининг афсонавий маҳсулотлари нусхаларига қарши курашиш учун барча мавжуд ҳуқуқий воситалардан фойдаланишини» маълум қилди.
«Ўз чакана савдо ҳамкорлари ва истеъмолчиларини ҳимоя қилиш учун Birkenstock компаниянинг ижодий ғоялари ва инновацияларидан фойда кўришга интилаётган нусха кўчирувчиларга қарши қатъий чоралар кўришда давом этади», — дея қўшимча қилди компания.
Birkenstock дизайн нусхаларини яратиш бўйича йирик ритейлерлар билан низолашаётган ягона мода бренди эмас.
Dr. Martens каби пойабзал гигантлари этик дизайнлари туфайли йирик онлайн сотувчиларни бир неча бор судга берган, ҳашаматли Christian Louboutin бренди эса ўзининг рамзий қизил тагликларини оммавий бозордаги нусха кўчирувчилардан ҳимоя қилиш учун йиллар давомида глобал суд жараёнларини олиб борган.

