Гол ўрнига қизил. Винисиус яна можаро марказида
Бразилиялик вингер энди класикони ўтказиб юбориши мумкин.

Гол ўрнига қизил: Винисиус яна можаро марказида
Ла лиганинг 8-турида «Реал» ва «Вилярреал» ўртасидаги учрашув (1:0) катта баҳсга сабаб бўлди. Ўйиннинг 71-дақиқасида мадридликлар ҳужумчиси Винисиус Жуниор гол урди, бироқ гол бекор қилинди ва футболчининг ўзи майдондан четлатилди.
Ёзда «Арсенал»га ўтиб кетиши мумкин бўлган, охир-оқибат Мадрид клуби билан шартномасини янгилаган Винисиус мавсум бошида ишончсиз ўйнамоқда. Шу сабаб Жозе Моуринио уни илк бор захирада қолдирди. Буни тушунса бўлади: бразилиялик форвард бу мавсум барча турнирлар доирасидаги тўққиз ўйинда атиги бир гол урган. Натижада бошланғич таркибда унинг ўрнига Ян Диоманде туширилди.
Юлдузли бразилиялик барибир 52-дақиқада захирадан майдонга тушди, аммо бевосита ўз рақобатчиси ўрнига эмас, ҳимоячи Трент Александр-Арнолдни алмаштирди. Албатта, у ҳимояда ўйнамади ва ҳужумнинг чап қанотига жойлашди. 62-дақиқада эса у тушгач ўнг қанотга кўчган Диоманде ҳисобни очди — бу ивуарлик вингернинг «Реал» сафидаги дебют голи бўлди.
Дастлаб ҳакам голни ҳисобга олмаганди, бироқ ВАР аралашувидан сўнг ҳужумда ҳеч қандай қоидабузарлик бўлмагани тасдиқланди.
Аммо видеоҳакамларнинг кейинги аралашуви «Реал» зарарига ишлади. 71-дақиқада Винисиус ҳам дарвозани ишғол этиб, рақибига жавоб қайтарганди, аммо якун унинг учун ёмон бўлди.
Ҳолбуки Жозе Моуринио қизил олиш хавфига қарамай, 26 ёшли футболчисини табриклаш учун майдонга чиқиб келганди (у аввалроқ ҳакам билан баҳслашгани учун сариқ карточка олган эди).

