Глобал сиёсатда мақоми ўзгараётган Исроил: буни кўрсатаётган уч воқеа
Сўнгги кунларда кетма-кет юз берган уч воқеа Исроилга нисбатан муносабат Ғарб жамоатчилиги ва айрим ҳукуматлар даражасида ўзгараётганини кўрсатмоқда. Венеция кинофестивалида намойиш этилган “НАЗА” ҳужжатли филми, АҚШдаги Эд Ширан–Маклемор можароси ва Ғарбий Соҳилдаги яҳудий манзилгоҳлари маҳсулотларига қарши киритилаётган савдо чекловлари.

Глобал сиёсатда Исроилнинг мавқеи ўзгараётганини кўрсатадиган учта воқеа
Жамоатчилик фикри дунё сиёсатида энг асосий ва марказий мезон бўлмаслиги мумкин, аммо уни аҳамияциз деб ҳам бўлмайди. Давлатларнинг глобал обрўси жуда қимматли ресурс ҳисобланади. Бу ресурсни ифодалаш учун “юмшоқ куч” каби махсус атама ва тушунчалар ҳам мавжуд.
Сўнгги бир ҳафта-ўн кун ичида учта муҳим воқеа юз берди. Менимча, улар дунё ҳамжамиятида, жумладан Исроилнинг ўзида ҳам, мамлакат ҳукуматининг минтақада олиб бораётган сиёсатига нисбатан танқид энг юқори даражага чиққанини кўрсатади. Бу воқеалар, ўз навбатида, Исроилга қарши танқидий резонансни янада кучайтириши мумкин.
Хўш, гап қайси воқеалар ҳақида?
“НАЗА” филми — исроиллик ҳарбийлар гувоҳлиги
Биринчи воқеа — Венеция кинофестивалида “НАЗА” ҳужжатли филмининг намойиш этилиши.
Филм исроиллик режиссёрлар Ювал Абраҳам ва Рейчел Шор томонидан суратга олинган ва Тҳе Гуардиан иштирокида тайёрланган. Унда Исроил армиясининг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари, жумладан нишонларни аниқлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиши ва бу жараёнда тинч аҳоли орасидаги қурбонлар масаласи кўтарилади.
Муаллифлар 24 нафар исроиллик ҳарбий ва разведка тизими вакиллари билан суҳбатлашган. Уларнинг аксарияти хавфсизлик сабабли шахсини ошкор қилмаган.
Филмда келтирилган энг оғир гувоҳликлардан бирида бир нафар ҲАМАС аъзосини йўқ қилиш учун юзлаб тинч аҳоли қурбон бўлиши мумкин бўлган зарбаларга рухсат берилгани айтилади.
Бу гувоҳликлар Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари ва тинч аҳоли ўлими борасидаги халқаро баҳсларни янада кучайтирди.
“НАЗА” Венеция кинофестивалида намойиш этилганда томошабинлар филм ижодкорларини қарийб 25 дақиқа тик туриб олқишлади. Филм фестивалнинг махсус ҳакамлар ҳайъати мукофотига ҳам сазовор бўлди.
Бу ерда менимча энг муҳим жиҳат бошқа: Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари аввал ҳам кескин танқид қилинган. Аммо бу сафар айбловларнинг муҳим қисми Исроилнинг ўзидан — исроиллик журналистлар, режиссёрлар, ҳарбийлар ва разведка тизимида ишлаган одамлар гувоҳликлари орқали янграмоқда.
Бу эса масаланинг сиёсий ва маънавий таъсирини янада оширади.

