Глинка кўчасидаги портлашдан кейин Тошкентда ўтказилган текширувларда 10 та газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланди
Яқинда коммуникациялар таъмирланган Глинка кўчасидаги ер ости портлашидан сўнг, Тошкент ҳокимлиги бошқа туманларда ўрганиш ўтказди ва 10 та сизиб чиқиш ҳолатини аниқлади. Улар тезкорлик билан бартараф этилди. Мобил лабораториялар Глинка кўчаси ҳудудидаги тармоқларни текширишни давом эттирмоқда.

Глинка кўчасидаги портлашдан кейин Тошкентда ўтказилган текширувларда 10 та газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланди
3 сентябрь куни Тошкентнинг Глинка кўчасидаги ер ости газ қувуридан газ сизиб чиқиши оқибатида юз берган портлашдан сўнг, пойтахт ҳокими топшириғига биноан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, шаҳарнинг бошқа туманларида текширувлар ўтказди. Унинг таркибига Veolia Energy Tashkent (иссиқлик таъминоти), «Тошкент шаҳар сув таъминоти» ва «Ҳудудгаз Пойтахт» (газ таъминоти) компаниялари мутахассислари кирди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Текширувлар давомида ўрта босимли газ қувурларида 4 та, паст босимли газ қувурларида эса 6 та газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланди. Барча носозликлар тезкорлик билан бартараф этилди, дейилади хабарда.
Глинка кўчасида таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланиб, у транспорт ҳаракати учун очилди. Шу билан бирга, «Ҳудудгазтаъминот» ва бошқа ташкилотларнинг мобил лабораториялари юзага келиши мумкин бўлган газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида ушбу кўчага туташ ҳудудлардаги муҳандислик тармоқларини комплекс текширувдан ўтказмоқда.
«Ушбу ишлар келгусида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, шаҳар инфратузилмасининг барқарор ва ишончли ишлашини таъминлашга қаратилган», — дея таъкидлади ҳокимлик.
Эслатиб ўтамиз, ёзда Глинка кўчасида эскирган муҳандислик тармоқларини янгилаш ва қувурларни алмаштириш ишлари олиб борилган эди. Янги қувурлар мустаҳкамлик ва ишга яроқлилик бўйича синовдан ўтказилган, дея хабар берган эди Яккасарой тумани ҳокимлиги.

