Глинка кўчасидаги ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Тошкент шаҳридаги Глинка кўчасида юз берган аварияга ерости газ қувуридан сизиб чиққан газнинг иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиши сабаб бўлган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Глинка кўчасидаги ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Глинка кўчасида юз берган ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, диаметри 219 мм бўлган ерости газ қувуридан сизиб чиққан газ иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини юзага келтирган.
Текширув жараёнида газ қувурининг тахминан 375 квадрат сантиметр (15×25 см) майдонида бир нечта нуқтадан газ сизиб чиқаётгани аниқланган.
Ҳозирда мутахассислар ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва бошқа тафсилотларни ўрганмоқда. Шу билан бирга, муҳандислик тармоқларининг ҳолати текширилиб, бундай ҳолатларнинг қайта такрорланишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Текширув якунлангач, йўл қопламасини тиклаш ишлари давом эттирилади. Ҳокимликка кўра, йўл яқин вақт ичида транспорт ҳаракати учун очилиши режалаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунига кўра, айбдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги вазият доимий назорат остида эканини маълум қилди.

