Маҳаллий

Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларга оид меъёрлар янгиланди

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларига оид айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди. Тузатишлар дорихоналарда «ангро» маҳсулотларини қадоқлаш ва реализация қилиш, шунингдек, тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини тайинлаш ва рецептларни расмийлаштиришга оид меъёрларни қамраб олди.

Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларга оид меъёрлар янгиланди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026-йил 31-июлдаги 25-сонли буйруғига асосан, вазирлик томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ҳужжат 7-август куни Адлия вазирлигида 3919-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Киритилган ўзгартиришлар 2026-йил 11-июнда қабул қилинган, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонунга мувофиқ амалга оширилди.

Жумладан, 2018-йилда тасдиқланган дорихона шароитида "ангро" маҳсулотини қадоқлаш, ўраш, маркировка ва реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди. Ундаги "гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари, психотроп моддалар" сўзлари "гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари" тарзида янгиланди.

Шунингдек, тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ҳам худди шундай ўзгартириш киритилди.

Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.