«Гиёҳванд моддалардан узоқ юринг» — Уотерфорддаги ёнғин қурбонларининг оиласи огоҳлантиради
Ёнғинда ота-она Филип ва Ким Инглиш, шунингдек, уларнинг икки фарзанди — 12 ёшли Каллум ва тўққиз ёшли Жейден ҳалок бўлишди.

«Наркотиклардан узоқроқ бўлинг», — демоқда Уотерфорддаги ўт қўйиш қурбонларининг оиласи
Ўтган ҳафта Ирландиядаги хонадонлардан бирида содир этилган ўт қўйиш жинояти оқибатида ҳалок бўлган бир оиланинг тўрт аъзосининг қариндоши ёшларни «наркотиклардан узоқроқ бўлишга» чақирди.
Ота-она Филип ва Ким Инглишлар ҳамда уларнинг икки фарзанди — 12 ёшли Каллум ва тўққиз ёшли Жейден Уотерфорддаги Бирчвуд мавзесида жойлашган хонадонида чиққан ёнғинда ҳалок бўлди.
Ёнғин чиққан вақтда уйда бўлган эр-хотиннинг қолган икки фарзанди касахонада қолмоқда, уларнинг аҳволи оғир.
Гарда (Ирландия полицияси) ушбу ўт қўйиш ҳолати наркотик қарзлари бўйича қўрқитиш билан боғлиқ деб ҳисобламоқда. Филип Инглишнинг ўғли Ирландиянинг RTÉ телерадиокомпаниясига маълум қилишича, улар бошқа бир шахснинг наркотик қарзи сабабли нишонга олинган.
Шанба куни икки киши ушбу ҳужумга алоқадорликда айбланиб суд олдида жавоб берди.
Шаҳардаги Муқаддас Юрак черковида ўтказилган дафн маросимида юзлаб мотамсаролар қатнашди ва маросимдан сўнг оила Килбарри қабристонига дафн этилди.
Ибодат вақтида черковнинг тўрида тўртта тобут — иккита оқ ва иккита оч жигарранг тобут жойлаштирилди.
Инглишлар оиласининг олти аъзоси, жумладан, касалхонада оғир аҳволда ётган икки фарзанди акс этган оилавий фотосурат тобутлар ёнидаги столга тўртта оқ шам билан бирга қўйилди.
Ибодат якунига яқинлашганда, Филипнинг куяви Раймонд Пауэр «шаҳримиз ва мамлакатимиздаги» ёшларга мурожаат қилди.
«Илтимос, наркотиклардан узоқроқ бўлинг», — деди у йиғилганларга.
«Гиёҳвандликка дуч келганингизда, илтимос, ёрдам сўранг. Чалғиб, ёмон йўлга кириб кетаётган бўлсангиз, илтимос, ёрдам сўранг. Илтимос, ҳаётни танланг, умидни танланг ва, албатта, келажакни танланг».
Ибодатни приход роҳиби ота Жерри Честнутт олиб борди, унда Ирландия Президенти Катрин Коннолли, Таоисеач (Ирландия Бош вазири) Михол Мартин ва Танаисте (Ирландия Бош вазири ўринбосари) Саймон Харриснинг адьютантлари иштирок этди.
Дафн маросимида маҳаллий сиёсатчилар, жумладан, маҳаллий TD (Ирландия парламенти аъзоси) ва кичик вазир Жон Камминс, шунингдек, Шинн Фейн етакчиси Мери Лу Макдональд ҳам қатнашди.
Яқинларидан айрилган оила аъзолари томонидан меҳробга келтирилган совғалар Жейден учун Minecraft футболкаси ва ўйинчоқлар, Каллум учун GAA клуби футболкаси, Филип учун Ливерпуль футболкаси ва Carlsberg пивоси банкаси ҳамда Ким учун лала гулдастаси бўлди.
Ота Честнутт жамоатнинг «қалби вайрон бўлганини» айтди ва ҳалок бўлган тўрт кишини «заминнинг сараси» деб таърифлади.
«Сизларни таниганимиз учун ҳаммамиз яхшироқ инсонга айландик, чунки сизлар заминнинг сараси ва ушбу жамоатнинг нури эдинглар», — деди у мотамсароларга.
«Ўтган сешанба эрталаб содир бўлган мутлақ ёвузлик ҳаракати бир оила ва жамоатни вайрон қилди ва қалбини ёрди».
Унинг айтишича, «зулм кучлари» тўрт нафар бегуноҳ инсоннинг умрига зомин бўлган ва жамоат «қайғу, шок, вайронлик ва ҳа, ғазабни» ҳис қилмоқда.
Унинг таъкидлашича, Филип ва Кимнинг бутун эътибори фарзандларига қаратилган эди, чунки уларнинг уч фарзанди хасталикдан азият чекарди.
Ибодат пайтида Филип «шахдон, суюмли, ақлли ва ғамхўр» инсон сифатида, маҳаллий супермаркетга ва приход атрофига борганида одамларни суҳбатлашиш учун тўхтатиб қоладиган инсон сифатида ёдга олинди.
Ким эса «очиқкўнгил», «жиззаки» ва «энг меҳрибон, самимий ҳамда ғамхўр инсон» сифатида ёдга олинди.
«Ота-она сифатида улар фарзандларини жуда яхши кўришарди. Уларнинг оилавий ҳаёти меҳр-муҳаббат саёҳати эди. Ва учта фарзанди хасталикка дуч келгани сабабли кўплаб қийинчиликлар бўлган. Аммо шунга қарамай, оила сифатида улар тўлиқ аҳил ва садоқатли эдилар».
Каллум «зирек табассумли» ва «ҳамма томонидан севилган» бола сифатида ёдга олинди.
«Офтобни тўсган қора қилмиш ҳаётингизни олди, лекин нурингиз абадий порлайди. Чунки қалбимизда сиз юлдузсиз ва сиз ғолибсиз», — деди роҳиб мотамсароларга.
Жейден «меҳр-муҳаббат кучи» сифатида ёдга олинди, у туғилганда унинг энергияси «дунёга жўш уриб кириб келган эди».

