Германиянинг собиқ канслери Россиядаги гипермаркетлар тармоғига ишга ўтди
Германиянинг собиқ канслери Герҳард Шрёдер Россияда «Глобус» гипермаркетларини бошқарувчи «Гиперглобус» компанияси кузатув кенгашига аъзо бўлди. РБК маълумотига кўра, у компаниянинг Россия бозоридаги фаолиятини узоқ муддатга режалаштиришга кўмаклашади.

Германиянинг собиқ канслери Россиядаги гипермаркетлар тармоғига ишга кирди
РБК 2-октабр куни Германия компанияси матбуот хизматига таяниб, Шрёдернинг янги лавозими ҳақида маълум қилди. ДВ ҳам Глобус холдингига сўров юборган, бироқ хабар эълон қилинган пайтга қадар жавоб олмаган.
Ритейлер вакилининг РБКга айтишича, Шрёдер компаниянинг умумий бошқарувида қатнашади ва Россия бозоридаги узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшади.
«Гиперглобус» эгаси ва Глобус Ҳолдинг аксиядори Томас Брух собиқ канслерни кузатув кенгашига жалб этишни эксперт кўмагини кучайтириш зарурати билан изоҳлаган.
Унинг фикрича, Шрёдернинг тажрибаси мулоқотга йўналтирилган ёндашувни сақлаш ва конструктив ечимлар топишга ёрдам беради.
Компания матбуот хизмати Шрёдернинг баёнотини ҳам келтирган. Унда собиқ канслер Россия билан иқтисодий алоқалар ва инвестицияларни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаган.
«Айнан инқирозли даврларда бу алоқалар айниқса муҳим: улар бир-бирини эшитиш ва келажакка йўл топиш имконини беради», - деган Шрёдер, РБК хабарига кўра.
РБК «Гиперглобус»ни Германиянинг Глобус Ҳолдинг ГмбҲ & Со холдингига қарашли Россия компанияси сифатида таърифлаган.
Бироқ Германия компанияси аввалроқ ДВга «Гиперглобус» 2025-йил бошида Глобус Ҳолдинғдан расман ажратилганини тушунтирган. Шунга қарамай, уларнинг аксиядорлари бир хил бўлиб қолган.
Томас Брух 2026-йил июнида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида қатнашган. Ўшанда Германия компанияси матбуот хизмати у форумда фақат «Гиперглобус» номидан иштирок этганини билдирган. Ташриф мақсадлари орасида давлат идоралари вакиллари билан фикр алмашиш ҳам қайд этилган.
РБК маълумотига кўра, 2025-йил охирида Россиянинг саккизта ҳудудида 22 та «Глобус» гипермаркети ишлаган.
Шрёдер аввал Россия энергетика компанияларида ишлаган.

