Германияда судлар сунъий интеллект ёрдамида ёзилган даъво аризаларига тўлиб кетди
Судлардан бирига 4500 саҳифадан иборат даъво аризаси келиб тушган.

Германияда судлар сунъий интеллект ёрдамида ёзилган даъво аризалари билан тўлиб бормоқда
Германия судларида сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган даъво аризалари сони кескин ошди, деб ёзади Билд.
Қайд этилишича, ЧатГПТ фуқароларга бир неча сония ичида ҳажми катта юридик ҳужжатларни яратиш имконини бермоқда. Бироқ бундай ҳужжатларда кўпинча тўқиб чиқарилган суд қарорлари ва мавжуд бўлмаган ҳуқуқий нормаларга ҳаволалар учрамоқда. Судлардан бирига 4500 саҳифадан иборат даъво аризаси келиб тушган.
Айниқса, фуқаролар адвокациз мурожаат қилиши мумкин бўлган ижтимоий судларга тушаётган юклама сезиларли даражада ошган.
Баден-Вюртемберг федерал ерида бир йил ичида шошилинч суд ишлари сони 60 фоизга, ижтимоий нафақалар бўйича низолар эса 80 фоизга кўпайган. Баварияда 2026-йилнинг биринчи ярмида нафақалар билан боғлиқ даъволар сони 60 фоизга ошган.
Шу билан бирга, судялар келиб тушган ҳужжатларни, ҳатто улардаги матннинг катта қисми ишга алоқадор бўлмаса ҳам, кўриб чиқишга мажбур.
Судларга тушаётган юклама ортиб бораётгани фонида Германия Адлия вазирлиги процессуал қонунчиликни ислоҳ қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Ислоҳот доирасида суд ҳужжатларининг ҳажми ва расмийлаштирилишига нисбатан талаблар белгиланиши мумкин.
Шунингдек, судлар ҳам узун аризаларни таҳлил қилиш ва қисқартиришда сунъий интеллектдан фойдаланиши назарда тутилмоқда.

