Германияда қуён сабаб учта самолёт аеропортга қўнолмади

Германияда қуён сабабли учта самолёт аеропортга қўнишга муваффақ бўлмади. Бу ҳақда Билд нашри хабар берди.
Маълум бўлишича, Дрезден аеропортининг учиш-қўниш йўлагида ўлик қуён топилган. Бу ҳолат икки йўловчи самолётининг ярим соат давомида ҳавода айланиб туришига, яна бир самолётнинг эса бошқа аеропортга йўналтирилишига олиб келган. Хусусан, Ганновер шаҳридан келган Сессна самолёти ва Барселонадан (Испания) келган Аирбус А321 йўловчи самолёти ўз вақтида қўна олмаган. Бошқа бир мунтазам рейс эса Лейпсиг шаҳрига йўналтирилган.
Қуён 12-июл куни соат 20:00 атрофида, самолёт ерга қўнаётган пайтда йўлакка югуриб чиққан. Ҳайвон нобуд бўлган, лекин ҳаво кемасига ҳеч қандай зарар етмаган ва у кейинчалик парвозини давом эттирган. Ушбу ҳодиса автоматик равишда мажбурий хавфсизлик протоколини ишга туширган.
“Ҳодиса содир бўлгач, мутахассислар йўлакда ётган нарсалар бор-йўқлигини текширишга мажбур бўлишди”, деб ёзилган хабарда.
Аеропорт ва ўт ўчириш хизмати ходимлари ҳайвон қолдиқларини олиб ташлаб, йўлакни қон изларидан тозалашди. Шу сабабли учиш-қўниш йўлаги соат 20:10 дан 20:40 гача ёпиқ бўлди. Текширув тугагач, йўлак қайта очилди ва аеропорт фаолияти одатдаги тартибга қайтди.

