Сиёсат

Германия ташқи разведка хизмати ваколатларини кенгайтирмоқчи

Германия Федерал разведка хизмати - БНДга хориждан келаётган таҳдидларга қарши фаол чоралар кўриш имконини берувчи янги ваколатлар тақдим этилиши кутилмоқда. Ислоҳотлар доирасида разведка хизмати хориждаги ИТ-инфратузилмаларни зарарсизлантириш, маълумотларга киберусулда таъсир кўрсатиш ва миллий мудофаа зарурати туғилганда чет элда диверсия операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Германия ҳукумати Федерал разведка хизмати (БНД) ва бошқа махсус хизматларнинг ваколатларини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Берлин бу орқали хориждан келаётган замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши самаралироқ курашишни мақсад қилган.

нтв телеканалининг хабарига кўра, янги тартиб БНД ходимларига киберҳужумлар вақтида хорижда жойлашган ИТ-қурилма ва инфратузилмаларни зарарсизлантириш имконини бериши мумкин. Миллий мудофаа билан боғлиқ зарурат юзага келган тақдирда эса чет давлатлар ҳудудида диверсия операцияларини амалга оширишга ҳам рухсат берилиши кўзда тутилмоқда.

Бундестаг разведка хизматлари ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар пакетини 12-август куни овозга қўйиши кутилмоқда.

Ислоҳотларга эҳтиёж Германия ва Европада хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашгани билан изоҳланмоқда. Хусусан, Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Германияда турли гибрид таҳдидлар кўпайгани таъкидланган.

Бунга аеропортларда портловчи моддалар билан жиҳозланган дронларнинг аниқланиши, энергетика инфратузилмасига киберҳужумлар, жосуслик ҳолатлари ва мудофаа саноати корхоналарида диверсияга уринишлар мисол сифатида келтирилган.

Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт Билд нашрига берган интервюсида режалаштирилаётган ўзгаришларни шарҳлар экан, мамлакат разведка хизматларини замонавий талабларга мослаштириш зарурлигини таъкидлаган.

Унинг фикрича, Германия махсус хизматлари дунёдаги ҳамкор разведка тузилмалари билан тенг даражада ишлай олиши керак. Замонавий давлат миқёсидаги терроризм ва экстремистик гуруҳларга қарши курашиш учун разведка органларига тезкор имкониятлар ва фаол ваколатлар зарур, деган у.

Ҳозирги вақтда БНДънинг асосий вазифаси хорижда Германия хавфсизлиги ва ташқи сиёсати учун муҳим бўлган маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишдан иборат.

Янги ислоҳотлар эса разведка хизматига “оператив” ваколатлар беришни назарда тутади. Бу БНДъга таҳдид ҳақида фақат маълумот тўплаш эмас, балки уни бартараф этишга қаратилган муайян ҳаракатларни ҳам амалга ошириш имконини беради.

Жумладан, БНДъга маълумотларни ўзгартириш ёки ўчириш мақсадида хориждаги компютер тизимларига кибероперациялар ўтказишга рухсат берилиши режалаштирилмоқда.

Нтв хабарида келтирилишича, бундай имкониятлар, масалан, қурол тайёрлаш бўйича рақамли йўриқномаларни ўзгартириш ёки қуролни ҳали ишлаб чиқариш жараёнидаёқ ишга яроқсиз ҳолга келтириш учун қўлланиши мумкин.

Шунингдек, диверсиялар учун жалб қилинадиган қуйи даражадаги ижрочиларга ҳақ тўлаш механизмларига таъсир кўрсатиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бундай тўловлар кўп ҳолларда рақамли валюталар орқали амалга оширилиши қайд этилган.

Шу билан бирга, янги ваколатлар БНДъга хорижда жисмоний шахсларга нисбатан зўравонлик қўллаш ҳуқуқини бермайди. Бундай ҳаракатлар тақиқлигича қолади.

Шу сабабли Германия ташқи разведкасининг оператив имкониятлари АҚШ Марказий разведка бошқармаси - СИА, Исроилнинг “Моссад”и ёки Франсия Ташқи хавфсизлик бош бошқармаси каби махсус хизматларникига нисбатан чекланган бўлиб қолиши таъкидланган.

Бироқ БНД ходимлари, Бундесвер ҳарбийлари ёки федерал полиция ходимлари хориждаги хизмат вазифасига қурол олиб чиқиш учун ҳозиргидек ҳар сафар алоҳида рухсат олиши шарт бўлмаслиги мумкин.

Бунинг учун Германиянинг ҳарбий қуролларни назорат қилиш тўғрисидаги қонунига тегишли ўзгартишлар киритилиши режалаштирилган. Расмийларга кўра, ушбу чора хорижда вазифа бажараётган ходимларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Ислоҳотлар фақат БНДънинг оператив фаолияти билан чекланмайди. Федерал разведка хизмати ва Германия Конституцияни ҳимоя қилиш идорасига маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш бўйича ҳам кенгроқ ваколатлар берилиши режалаштирилмоқда.

Хусусан, махсус хизматларга катта ҳажмдаги маълумотларни сунъий интеллект дастурлари ёрдамида таҳлил қилиш имкониятини кенгайтириш кўзда тутилган.

Шу тариқа, Германия разведка тизими анъанавий маълумот тўплаш моделидан таҳдидларни аниқлаш ва айрим ҳолларда уларни фаол равишда бартараф этишга қаратилган тизимга ўтиши мумкин.

Айни пайтда махсус хизматларнинг янги ваколатлари назорациз қолмайди. Германия разведка органлари фаолияти устидан Мустақил назорат кенгаши назорат олиб бориши белгиланмоқда. Бундестагнинг тегишли парламент қўмитаси ҳам ўз назорат ваколатларини сақлаб қолади.

Ислоҳотлар пакети ҳозирча парламент тасдиғидан ўтиши керак. Бундестаг уни маъқуллаган тақдирда, БНДънинг Германия ташқарисидаги таҳдидларга қарши ҳаракат қилиш имкониятлари сезиларли даражада кенгаяди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.