Германия миллиардлаб евро эвазига янги ҳарбий-денгиз базаси қуради
Германия Шимолий денгиз соҳилидаги Эмден шаҳрида янги ҳарбий-денгиз базаси қуришни режалаштирмоқда. Бир неча миллиард евро сарфланадиган база 2030-йиллар бошида ишга туширилиши кутилмоқда. Келгусида у ерда ҳарбийлар учун 2 мингтагача штат ўрни яратилиши мумкин.

Германия миллиардлаб евро сарфлаб янги ҳарбий-денгиз базасини барпо этади
5-октабр куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус ва Қуйи Саксония бош вазири Олаф Лис Эмденда ҳарбий-денгиз базаси қуриш бўйича ниятлар декларациясини имзолади. Янги база мамлакат флотининг Шимолий денгиз соҳилидаги иккинчи таянч нуқтасига айланади.
Писториус Эмден яна Германия ҳарбий-денгиз кучлари базаси бўлишини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳозирги флот Бундесвер тарихидаги энг кичиги бўлса-да, унинг зиммасидаги вазифалар ҳажми ҳар қачонгидан ҳам катта.
«Шунинг учун ҳарбий-денгиз флоти кенгайиши керак ва у кенгаяди», - деди вазир.
Эмденнинг танланиши унинг стратегик жойлашуви ҳамда қурилиш учун етарли бўш майдонлар мавжудлиги билан изоҳланмоқда. Лойиҳа доирасида кемалар учун тўхташ жойларини кўпайтириш, причаллар узунлигини ошириш ва ҳарбий хизматчилар сонини кенгайтириш режалаштирилган.
Ҳозир Германиянинг Шимолий денгиз соҳилида фақат битта — Вилгелмсхафендаги Хеппензер-Гроден ҳарбий-денгиз базаси мавжуд. Писториусга кўра, иккинчи базанинг пайдо бўлиши флотнинг ҳаракатчанлиги ва турли вазиятларга мослашиш имкониятини оширади.
Вазир жиддий инқироз юз берган тақдирда Германия флотининг ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиш қийинлашишини, унинг оператив имкониятлари эса кенгайишини таъкидлади.
Тагессчау маълумотига кўра, янги портда фрегатлар учун еттита, миналарни қидириш ва зарарсизлантириш кемалари учун ўнта, буксирлар учун яна ўнта тўхташ жойи ташкил этиш кўзда тутилган. База Германия ҳарбий-денгиз кучларининг янги стратегиясида муҳим ўрин тутади.
Нашр келтирган экспертлар баҳосига кўра, Эмденнинг географик афзалликларидан бири — шаҳар Россиянинг ўрта масофали ракеталари етиб бориш ҳудудидан ташқарида жойлашганидир.

