Германия 23 нафар афғонистонликни Кобулга қайтарди
Германия 23 нафар Афғонистон фуқаросини чартер рейси орқали Кобулга депортация қилди. Мамлакат Ички ишлар вазирлигига кўра, уларнинг аксарияти оғир жиноятлар, жумладан, жинсий зўравонлик ва тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар учун судланган. Амалдаги Германия ҳукумати даврида Афғонистонга чиқариб юборилганлар сони 228 нафарга етди.

**Германия 23 нафар афғонистонликни Кобулга қайтарди**
Германия Ички ишлар вазирлиги 25-август куни Лейпсиг/Галле аеропортидан Афғонистон пойтахти Кобулга махсус чартер рейси орқали 23 нафар афғонистонлик эркакни депортация қилганини маълум қилди. Ушбу шахслар Германиядан чиқариб юборилиши лозим бўлган.
Вазирликнинг хабар беришича, депортация қилинганларнинг аксарияти оғир жиноятлар, жумладан, жинсий зўравонлик ва тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар учун судланган. Германия ИИВ вакили АФП агентлигига қолган шахслар ҳам аввал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборига тушганини таъкидлади. Вазирлик депортация жараёни муваффақиятли якунланганини билдирди.
25-августдаги рейсни ҳисобга олганда, Германиянинг амалдаги ҳукумати даврида мамлакатдан Афғонистонга депортация қилинган эркаклар сони 228 нафарга етди.
Германия ички ишлар вазири Александер Добриндт мамлакатда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар Германияни тарк этиши шартлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жиноят содир этган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш жамият манфаатларига мос келади ва ҳукумат бу сиёсатни изчил давом эттиради.
Кобулга рейс амалга оширилишидан бир кун аввал Лейпсиг/Галле аеропортида Афғонистон фуқароларини депортация қилишга қарши аксия бўлиб ўтди. Депортацияга қарши фаоллар Афғонистонга қайтарилаётган одамлар "Толибон" ҳукмронлиги остида таъқиб, қийноқ ёки бошқа жиддий хавфларга дуч келиши мумкинлигини билдиришди. "Депортацияларга қарши алянс" вакили Кай Адил Германиядан ҳимоя излаётган афғонистонликларни "Толибон" ҳукмронлигидаги мамлакатга қайтариш инсонлар ҳаёти ва хавфсизлиги учун таҳдид туғдириши мумкинлигини таъкидлади.
"Толибон" ҳаракати 2021-йил ёзида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг Германия ушбу мамлакат фуқароларини депортация қилишни тўхтатган эди. Афғонистонга депортациялар 2024-йил август ойида қайта тикланди. Ўшанда Германиядан Кобулга жиноят содир этгани учун судланган 28 нафар Афғонистон фуқароси юборилган эди.

