Дунё

Газ қимматлашиши ва сув танқислиги: Молдова фавқулодда ҳолатга ўтди

Молдовада 26-сентабрдан энергетика ва гидрология соҳаларида 60 кунлик фавқулодда ҳолат жорий этилди. Ҳукумат қарорини парламент маъқуллади. Расмийлар бу чорани газ нархининг ошиши, ёқилғи танқислиги хавфи ва Днестр ҳавзасида сув сатҳининг кескин пасайиши билан изоҳламоқда.

Газ нархининг ошиши ва сув танқислиги сабаб Молдова фавқулодда ҳолат жорий этди

ДВ маълумотига кўра, Молдова бош вазири Василе Тофан қиш яқинлашар экан, учта минтақавий инқироз бир вақтнинг ўзида таъсир кўрсатиб, вазиятни янада оғирлаштириши мумкинлигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Ҳўрмуз бўғозидаги ҳолат туфайли газ нархи амалдаги тариф ҳисоб-китобига киритилган қийматдан 50 фоизга ошиб кетган. Яқин Шарқда нефтни қайта ишлаш қувватларининг қисқариши эса ёнилғи тақчиллиги хавфини кучайтирмоқда. Молдова бундай муаммога жорий йил июл ойида ҳам дуч келган.

Шу билан бирга, 700 минг аҳоли яшайдиган Кишинёв агломерациясини сув билан таъминлайдиган Днестр ҳавзасида сув сатҳи хавфли даражага тушиб кетган.

Ҳукумат қароридан олдин, 21-сентабр куни президент Майя Санду раислигида Олий миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтган. Унда кутилмаган вазиятларда тезкор чоралар кўриш учун ҳаракатлар режаси тайёрлаш топширилган.

Фавқулодда ҳолат Инқирозларни бошқариш миллий комиссиясига ускуналарни тендерсиз тезкор харид қилиш, энергия ресурсларининг импорти, экспорти ва тақсимоти бўйича бажарилиши мажбурий бўлган вақтинчалик қарорлар қабул қилиш ҳуқуқини беради.

Комиссия электр таъминотида устувор йўналишларни белгилаши ва сув истеъмолини чеклаши мумкин. Нархлар кескин ошса, тарифлар, солиқлар ва аксизларга оид қоидаларни вақтинча ўзгартириш ваколати ҳам берилган.

Россияга мойил мухолифатдаги Социалистлар партияси фавқулодда ҳолатга қарши чиқди. Партия фраксияси раҳбари, собиқ президент Игор Додон ҳукуматни ушбу режим орқали махфий шартномалар тузиш ва шаффоф бўлмаган схемаларни амалга оширишга уринишда айблаган.

Нашр ёзишича, фавқулодда ҳолат даврида партия аввалроқ эълон қилган норозилик намойишларини ўтказиш ҳам тақиқланади. Социалистлар муқобил энергия етказиб берувчилар, аввало, Россия билан зудлик билан музокара бошлашни таклиф қилган.

Энергетика эксперти Сергей Тофилат бу таклифни популизм деб атаган. Унинг фикрича, «Газпром»нинг Молдовага газ етказиб бериш учун техник имконияти йўқ: амалдаги ягона реал йўналиш — «Турк оқими» қувватлари мавжуд шартномалар билан тўлиқ банд.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.