“Газ қазиб олиш пасайишида бошқарувдаги хатолар ҳам, обьектив сабаблар ҳам бўлди” - Абдулла Абдуқодиров
“Ўзбекистон-2030” стратегияси ижросининг 2026-йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган матбуот анжуманида Kun.uz табиий газ қазиб олиш бўйича стратегик кўрсаткичлар нега 62 миллиард куб метрдан 48,5 миллиард куб метрга туширилгани ҳақида савол берди. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров газ қазиб олиш пасайишига “ҳам обьектив сабаблар, ҳам бошқарувдаги хатолар” таъсир қилганини айтди. Бироқ стратегик мақсад айнан қандай таҳлил асосида қайта кўриб чиқилгани ҳақидаги саволга аниқ жавоб берилмади.

**Абдулла Абдуқодиров: "Газ қазиб олишнинг пасайишида ҳам бошқарувдаги хатолар, ҳам обьектив сабаблар мавжуд"**
21-август куни бўлиб ўтган "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг 2026-йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган матбуот анжуманида Kun.uz нашри стратегик кўрсаткичларнинг табиий газ қазиб олиш бўйича 62 миллиард куб метрдан 48,5 миллиард куб метрга туширилиши сабабларини сўради. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров газ қазиб олиш ҳажмининг камайишига "ҳам обьектив сабаблар, ҳам бошқарувдаги хатолар" таъсир қилганини билдирди. Бироқ, стратегик мақсаднинг айнан қандай таҳлил асосида қайта кўриб чиқилгани ҳақидаги саволга аниқ жавоб берилмади.
Kun.uz журналисти стратегия дастлаб 2023-йилда қабул қилинганида 2030-йилга бориб табиий газ қазиб олишни йилига 62 миллиард куб метрга етказиш мақсади белгиланганини, аммо 2026-йил февралида киритилган ўзгартиришлар билан бу кўрсаткич 48,5 миллиард куб метрга туширилганини эслатди.
2025-йилда мамлакатда 42 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, энди стратегияда 2026-йил учун бундан ҳам пастроқ кўрсаткич – 40,2 миллиард куб метр белгиланган.
Шунингдек, ер қаъридан фойдаланганлик учун берилган солиқ имтиёзларига қарамасдан, олтин ва мис қазиб олиш камайган, табиий газ бўйича қазиб олиш ҳажмлари эса йилдан йилга пасайиб бормоқда. Агентлик томонидан эълон қилинган ҳисоботда ҳам олтин, мис ва кумуш ишлаб чиқаришга оид режаларда кечикишлар бўлгани қайд этилган.
Абдулла Абдуқодиров бу саволларни "фундаментал масалалар" деб атади ва энергетика соҳасидаги муаммолар иқтисодиётнинг рақобатбардошлигига бевосита таъсир қилишини таъкидлади.
"Қўлимдан келганда, албатта жавоб берган бўлардим. Чунки сиз қўаётган масалалар жуда ҳам фундаментал масалалар. Биринчидан, энергетика соҳасида самарадорлигини йўқотган мамлакат, ўзининг “селф-суффисиенсй”, яъни ўзи учун керакли бўлган энергетика ресурсларини ишлаб чиқаришга қодир бўлмаган мамлакат, биринчи навбатда жуда ҳам катта иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини йўқотади. Шунинг учун ҳам сиз қўаётган масала энг юқори масалалардан биттаси", – деди у.
Абдуқодиров газ қазиб олиш пасайишига ҳам обьектив, ҳам субьектив омиллар таъсир қилганини айтди.
"Табиий газ ишлаб чиқариш соҳасидан келадиган бўлсак, бу ерда обьектив сабаблар ҳам бор, жуда катта ва бошқарувда йўл қўйилган хатолар ҳам бор. Энди ўзинглар кўрдинглар, яқиндагина раҳбарлар алмаштирилди, бошқарув системаси қайта кўриб чиқилапти ва ўйлайманки, бу соҳада позитив ўзгаришлар бўлади", – деди у.
Бироқ, агентлик вакили бу борадаги аниқ саволларга жавоб бериш ваколати ўзида йўқлигини билдириб, журналистларга ёзма мурожаат юборишни таклиф қилди.
Абдуқодиров айрим маълумотларни очиқлаш мумкин эмаслигини ҳам таъкидлади.
"Шундай соҳалар борки, у ерда баъзи саволларга тўғри жавоб бериб бўлмайди, чунки у давлат сири. Айниқса газ соҳасида. Мен сизга тушунтириб берсам бўлади кейин, чунки у ерда жуда кўп масалалар бор. Лекин умумий очиқ маълумотлар асосида қанча газ қазиб олинди, нима учун деган саволингизга ҳам жавоб берса бўлади. Лекин баъзи ўша соҳадаги маълумотлар сир бўлади. Уни очиқ-ойдин айтиб бўлмайди", – деди у.
Агентлик вакили бунга мисол сифатида 2022-йил январидаги мамлакат миқёсидаги блекаутни келтирди.
"Адашмасам 2022-йил 6-январда бўлган блекаутда қайси соҳа энг катта зарар кўрди? Мен сизга айтаман, газ ишлаб чиқариш соҳаси. 12 та компрессоримиз давлатнинг 70 фоиз газ қазиб олиш потенсиалини белгилаб берадиган компрессорлар эди. Бешта манбадан ток келади. Бешта манбадан биронтаси ишламаган. 12 та компрессор стансиялари токсиз қолди. Газ 3000 метр пастга тушиб кетди, компрессор ишламагандан кейин. У пастга тушгандан кейин сув билан қўшилиб кетади. Уни яна қазиб олиш даражасига қайтариш осон эмас. Бу ерда баъзан обьектив, баъзан субьектив ва бошқа сабаблар ҳам бор", – деди у.
Шунингдек, у газ қазиб олиш истиқболлари геология-қидирув ишларига етарли эътибор берилмагани билан ҳам боғлиқлигини қайд этди.
"Бугунги кунда газ қазиб чиқиш потенсиали мавҳум. Чунки биринчи навбатда газнинг янги конларини очиш керак. Ҳозир фақат Қорақалпоғистонда бу ишларда натижага эришдик. Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятларида олиб борилган геология-разведка ишлари ҳали ўзининг катта натижасини бергани йўқ. Кичик-кичик конлар очилапти. Лекин мамлакат истиқболини белгилаб берадиган нефт ва газ конлари ҳали очилгани йўқ. Геология-разведка харажатлари бугунги кунда 1 миллиард доллардан ортиқ", – деди Абдуқодиров.
Жавобдан сўнг Kun.uz агентликнинг ўзида бу борада таҳлиллар мавжуд ёки йўқлигига аниқлик киритишни сўради. Бунга жавобан Абдуқодиров агентликда таҳлиллар борлигини айтди.
"Биринчидан, таҳлил бизда бор ва биз ҳам очиқ ресурслардан фойдаланишга мажбурмиз. Чунки яширилган ресурсларга бизларда баъзан доступ бўлади, баъзан доступ бўлмайди. Бугунги кунда биз очиқ маълумотлардан ва қўлимиздаги ресурслардан фойдаланиб, ҳар битта соҳанинг портретини яратапмиз. Соғлиқни сақлаш, сиз айтган конлар, металлургия соҳаси ва 12 дан ортиқ йўналиш бўйича шундай портретлар тайёрланган", – деди у.
Миллий статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2026-йилнинг 1-ярим йиллигида табиий газ, нефт ва газ конденсати қазиб олиш камайишда давом этган. Январ-июн ойлари давомида табиий газ қазиб олиш 18,3 миллиард куб метрни ташкил этди. Бу 2025-йилнинг мос давридагига (21,8 миллиард) нисбатан 16 фоизга ёки қарийб 3,5 миллиард куб метрга кам.
"Ўзбекистон-2030" стратегиясига кўра, Ўзбекистонда газ қазиб олиш миқдори 2026-йилда ҳам қисқариб, кейинги 4 йил давомида босқичма-босқич ўсиб бориши прогноз қилинмоқда.
2026-йил феврал ойида янгиланган ҳужжатга кўра, жорий йилда 40,2 миллиард куб метр газ қазиб олиниши кутилмоқда. Бу 2025-йилга нисбатан 3,6 фоизга ёки 1,5 миллиард куб метрга кам. Эътиборга молик яна бир жиҳат: ўтган йил якунларига кўра Миллий статистика қўмитаси газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 миллиард куб метр сифатида кўрсатганди. Бу натижа 41,7 миллиард куб метрга пасайтирилган.

