Гави бошпанасизлар учун 150 та уй қуришга 1,3 млн евро хайрия қилди

Гави ўзининг туғилиб ўсган шаҳарлари Лос-Паласиос ва Виляфранкада бошпанасизлар учун 150 та уй қуриш мақсадида 1,3 миллион евро хайрия қилди.
“Барселона” клуби яримҳимоячиси Гави ўзи туғилиб ўсган Лос-Паласиос ва Виляфранка шаҳарчаларидаги бошпанасиз инсонлар учун турар жойлар барпо этиш мақсадида катта миқдорда хайрия қилди. Ла Разон нашрининг хабар беришича, футболчи оғир шароитда кун кечираётган ҳамшаҳарларини қўллаб-қувватлаш учун ушбу лойиҳага 1,3 миллион евро сарфламоқда.
Ажратилган пуллар эвазига 150 та хонадон бунёд этилади ва 300 нафар уйсиз одам доимий яшаш жойига эга бўлади. Таъкидланишича, бу қандайдир даромад кўзлаб қилинган бизнес сармояси эмас, балки фақатгина маҳаллий халқнинг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган хайрия ишидир.
“Совуқ қиш кечаларида бошпанасиз, яшаб қолиш учун қийналаётган жуда кўплаб инсонларни кўрганман. Агар нимадир ўзгартиришга қодир бўлсам, ҳар доим ёрдам қўлини чўзишни ўзимнинг бурчим деб билганман. Яқинларим, оилам, дўстларим ҳамда шу даражага етиш йўлидаги барча меҳнат ва машаққатлар туфайли бугун ҳаммаси ўзини оқлади, дея оламан. Агар имкон туғилса, бу йўлни асло иккиланмай қайтадан босиб ўтган бўлардим”, дейди Гави.
Маълумот учун, Гави “Барселона”га кўчиб ўтишидан олдин болалигининг катта қисмини Лос-Паласиосда ўтказган. Отаси Паблонинг кичик бизнеси бор эди, онаси Хема эса “Бетис” клубининг кир ювиш бўлимида ишлаган. Бу эса ёш йигитчанинг футбол муҳитида улғайишига замин яратган.

