«Гап омон қолиш ҳақида кетмоқда»: Кличко имкони бор киевликларга вақтинча кетишни тавсия қилди
Киев мери Виталий Кличко Россия ҳужумлари кучайгани фонида пойтахтдан ташқарида қариндошлари ёки дўстлари бор аҳолига шаҳардан вақтинча кетиш имкониятини кўриб чиқишни тавсия қилди. Бироқ у Киевни тўлиқ эвакуация қилишга чақирмаётганини таъкидлади.

«Гап омон қолиш ҳақида кетмоқда»: Кличко имконияти бор киевликларга вақтинча кетишни маслаҳат берди
Кличко бу ҳақда АФП агентлигига берган ва 8-октабрда эълон қилинган интервюсида айтган.
«Шаҳримизга ҳужумлар кучаяётгани сабабли ҳар куни вайрон бўлган бинолар, яраланган ва ҳалок бўлган одамлар ҳақида янги хабарлар келмоқда. Бугун гап омон қолиш ҳақида кетмоқда», - деган мер.
Унинг тавсияси, биринчи навбатда, Киевдан ташқарида вақтинча яшаш имконияти бор фуқароларга қаратилган.
### Сув таъминоти узилиши йирик инқирозга олиб келиши мумкин
Кличко Россия ҳужумлари оқибатида сув таъминоти тизими ишдан чиқса, пойтахтда кенг кўламли инқироз юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Шу билан бирга, у барча аҳолини шаҳардан чиқиб кетишга чақирмаётганини айтган. Мернинг фикрича, Украина шаҳарларининг бўшаб қолиши Россия президенти Владимир Путин манфаатларига хизмат қилади.
«Путин учун энг яхши ссенарий - ҳаммамиз кетиб, бўш шаҳарларимиз ва бутун мамлакатимизни унга қолдиришимиз», - деган Кличко.
Мернинг маълум қилишича, шаҳар маъмурияти қишга тайёргарлик доирасида захира иситиш тизимларини барпо этмоқда. Шунингдек, ёнилғи, озиқ-овқат ва ичимлик суви захиралари тўпланмоқда.
Бироқ Кличко тайёргарликнинг ўзи барча хавфларни бартараф эта олмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаларни қайтара олмаса, шаҳар оғир вазиятга тушиб қолиши мумкин.
ДВ хабарига кўра, сентабрда Россиянинг Киевга ҳужумлари кучайган. Октабр бошида эса Днипро дарёси орқали шаҳарнинг ўнг ва чап соҳилларини боғлайдиган кўприкларга ҳам зарбалар берилган.
Ҳужум нишонлари орасида энергетика, алоқа ва темирйўл инфратузилмаси обьектлари ҳам бор.
Украина президенти Володимир Зеленский 3-октабрда Россия ҳаво ҳужумлари орқали аҳолини Киев ва бошқа йирик шаҳарларни тарк этишга мажбурлашга уринаётганини айтган.

