Гамбия Яҳё Жамменинг мусода қилинган АҚШдаги ҳовлисини сотишдан тушган маблағни унинг бошқарувидан жабр кўрганларга тўлайди
Гамбия Мэриленддаги уйнинг сотувидан 2,5 миллион доллар олганини тасдиқлади.

**Гамбия Яҳё Жамме бошқаруви қурбонларига АҚШдаги мусодара қилинган ҳовли пулидан компенсация тўлайди**
Жамме Гамбияни 20 йилдан ортиқ бошқарган
Расмийларнинг билдиришича, Гамбия собиқ ҳукмдор Яҳё Жамме мол-мулкининг мусодара қилинишидан сўнг Қўшма Штатлардан олинган пулни унинг бошқаруви қурбонларига компенсация тўлаш учун ишлатади.
Гамбиянинг Товон ундириш комиссияси Ғарбий Африка мамлакатининг собиқ раҳбарига тегишли Мэриленд штатидаги ҳовли сотувидан 2,5 миллион доллар (1,86 миллион фунт стерлинг) олганини маълум қилди.
2022 йилда АҚШ ушбу мулк "жиноий даромадлар ва ўзлаштирилган Гамбия давлат маблағлари"га сотиб олингани асосида уни сотиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
Жамме 1994 йилдаги тўнтаришда ҳокимиятни эгаллаб олгач, Гамбияни 20 йилдан ортиқ бошқарди. Ушбу давр инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мажбурий йўқотишлар ва суддан ташқари қотилликлар ҳақидаги айбловлар билан боғланади.
Сешанба куни Гамбия Товон ундириш комиссияси "қурбонлар, омон қолганлар ва жамоатчиликка Жамме мулкининг сотилишидан жами 2 573 414,10 доллар олганини мамнуният билан маълум қилишини" айтди.
У пулларнинг масъулият билан ва шаффоф тарзда, "қурбонлар ва омон қолганларнинг ҳуқуқлари ҳамда эҳтиёжларини лозим даражада ҳисобга олган ҳолда" ишлатилишини таъминлашга содиқлигини билдирди.
Жамме 2016 йилги сайловда Адама Барроуга ютқазди, аввалига мағлубиятни тан олди, аммо кейинчалик натижани рад этди.
Охир-оқибат, у минтақавий ва халқаро кучли тазйиқлар остида 2017 йилда истеъфога чиқди.
Гамбияга бир қанча Ғарбий Африка мамлакатлари, жумладан, Сенегал қўшинлари жойлаштирилган ва улар Жаммени ҳокимиятдан куч билан ағдариш билан таҳдид қилган эди.
Якунда у лавозимини тарк этишга рози бўлди ва Экваториал Гвинеяга сургунга кетди.
Кейинчалик Миллий комиссия собиқ президентнинг Гамбияда 281 та, шунингдек, АҚШ ва Марокашда биттадан мулки борлигини ҳамда 100 дан ортиқ банк ҳисобларини назорат қилганини аниқлади.
Комиссиянинг таъкидлашича, у ўз маоши эвазига бунга ҳеч қачон эриша олмас эди ва у 300 миллион доллардан ортиқ маблағни ўзлаштирган деган хулосага келди.
Жамме сиёсий мухолифларнинг ўлдирилиши, йўқолиб қолиши, зўрланиши ва қийноққа солинишига раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.
Суриштирув комиссияси кенг тарқалган ҳуқуқбузарликлар "давлат ёки унинг агентлари томонидан 240-250 нафар гамбиялик ва гамбиялик бўлмаганларнинг ўлимига" олиб келганини аниқлади.

