Ғузор туманида кўчат етиштириш маркази очилди
Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Ғузор туманида ташкил этилган кўчат тайёрлаш марказига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ғузор туманида кўчатчилик маркази очилди
«Давлат раҳбарининг 2026 йил 23 сентябрдаги фармони билан маҳаллаларнинг кўкаламзорлаштиришдаги ролини ошириш ҳамда «3–30–300» тамойили асосида яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича вазифалар белгиланган. Янги марказ фаолияти маҳаллалар эҳтиёжидан келиб чиқиб сифатли кўчатлар етиштириш, дарахтларни парваришлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини ҳал этишга қаратилган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мажмуа хориж тажрибаси асосида 65 гектар майдонда барпо этилган. Лойиҳа қиймати 9,5 миллиард сўмни ташкил этади. Бу ерда 100 га яқин иш ўрни яратилди.
50 гектар майдонда манзарали дарахтлар, беш гектарда мевали, яна уч гектарда буталар ва гул кўчатлари етиштирилмоқда. Биринчи босқичда 1,6 миллион туп дарахт ва ўсимлик кўчатларини етиштириш, кейинчалик бу кўрсаткични 5 миллионга етказиш режалаштирилган. Марказда манзарали ва игнабаргли дарахтларнинг 41 тури тақдим этилган.
Мажмуа ҳудудида ўсимликларни етиштириш учун очиқ майдончалар, иссиқхона, уруғларни ундириш иншоотлари ва кўчатлар учун соябон конструкциялар қурилган. шунингдек, умумий сиғими 4,2 минг куб метр бўлган учта мембранали сув ҳавзаси жиҳозланган ҳамда 20 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Бундан ташқари, бу ерда компост ва мульча ишлаб чиқариш учун ускуналар ҳамда қуёш панелларидан фойдаланилмоқда.
Замонавий технологиялар кўчатларни йил давомида, шу жумладан экиш мавсумидан ташқари вақтда ҳам етиштириш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай ёндашувда етиштириш ҳажми анъанавий усулларга нисбатан 8-10 бараварга ортади, сув сарфи эса уч бараварга қисқаради. Бу кўчатлар таннархини 30-40 фоизга камайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Марказда маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш бўйича алоҳида хизматлар кўрсатиш ташкил этилган. Улар кўчат ва буталарни етказиб бериш, зарарланган дарахтларни даволаш, тупроқни мульчалаш ва томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатишни ўз ичига олади. Кегусида ҳар бир маҳаллага ўрмончи-устоз бириктирилади, ҳар бир экиш мавсуми олдидан эса «маҳалла еттилиги» аъзолари учун ўқув машғулотлари ўтказилади.
Кўчат етиштириш жараёнига аҳоли ҳам жалб этилмоқда. Фуқароларга кооперация шартномалари асосида ёш ўсимликлар берилади. Томморқа майдонларида бир-икки мавсум парвариш қилингач, ўсимликлар тайёр кўчатга айланганда, улар кафолатли сотиб олинади. Бу оилаларга қўшимча даромад манбаига эга бўлиш имконини беради.
Давлат раҳбари марказда яратилган шароитлар билан танишди ва дарахт экиш, боғ яратиш халқимизнинг эзгу анъанаси эканини таъкидлади.

