Ғазо вайроналари орасидан умид излаб
Уч йил давомида фаластинликлар ҳаётини ўлим ва вайронагарчилик эгаллаб олди. Аммо бомбалар, очлик ва мажбурий кўчишлар уларнинг яхшироқ ҳаётга бўлган интилишини йўқ қила олмади.

Ғазо вайроналари орасидан умид излаб
Ўтган йил октабрида имзоланган ўт очишни тўхтатиш келишуви гўё Исроилнинг Ғазодаги урушига якун ясагандек эди. Аммо бир йил ўтганига қарамай, Исроил зарбалари ҳануз тўхтагани йўқ. Ҳужумлар аввалгидек узлуксиз бўлмаса-да, деярли ҳар куни Ғазонинг у ёки бу томонида фаластинликлар ҳалок бўлмоқда.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийлари берган маълумотга кўра, сулҳ имзоланганидан бери, яъни бир йил ичида Ғазода 1400 дан ортиқ одам ўлдирилган. Исроил эса ҳануз Ҳамас жангчилари нишонга олинаётганини билдирмоқда.
Ғазодаги фаластинликлар ҳаётини ва тирикчилигини қайта тиклашга уринмоқда. Уларнинг айримлари вайроналар орасидан қўл остидаги материаллар билан уйларини қайта қурмоқда. Бошқалари эса бизнесларини қайта тиклаш ёки янгисини бошлашга ҳаракат қилмоқда.
### Вайроналардан қайта қуриш
28 ёшли Жаъфар Аталлоҳ авваллари оиласига тегишли кичик фабрикада ишлаб, рўзғор тебратган. Ғазо сектори шимолидаги ал-Воҳа ҳудудида жойлашган бу фабрика унинг уйи ёнидаги лой конларидан коса ва гулдонлар тайёрларди. Исроилнинг ҳарбий кампанияси чоғида унинг уйи ер билан яксон қилинди. Шундан кейин Аталлоҳ ва унинг оиласи бизнесларини Ғазо марказидаги аз-Завайдада қайта йўлга қўйди.
Аталлоҳ ўзи пиширган қизил ғиштлардан оддий бошпана қурди. Бу бошпана бир хонадан иборат бўлиб, у ерда ҳомиладор рафиқаси билан яшайди.
Аталлоҳда ердан лой қазиб олиш учун керакли оғир техника йўқ. Бироқ энди уларга ёрдам берадиган бошқа бир имконият бор.
"Биз Исроил бомбасидан ҳосил бўлган чуқурга борамиз, чунки у ерда лойга етиб борса бўлади. Уни қазиб оламиз, тозалаймиз ва ишга киришамиз," дейди мақола қаҳрамони.
Сомон билан мустаҳкамланган ғиштдан қурилган деворлар Ғазонинг жазирама ёзида уй ичини табиий равишда салқин тутади. Аталлоҳ бу деворлар қишда ҳам уйни иссиқ сақлашга ёрдам беришидан умид қилмоқда.

