Спорт

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендес ўз лавозимини тарк этди

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Хосе Мария Мендес саломатлигидаги жиддий муаммолар туфайли истеъфога чиқди, дея маълум қилди федерация. Испаниялик шифокорлар унга муайян вақтга профессионал фаолиятини тўхтатиб туриш ва даволаниш курсини ўташни тавсия қилди.

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендес лавозимини тарк этди

Испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес “саломатлигидаги жиддий муаммолар туфайли” ўз хоҳишига кўра футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи вазифасидан кетди.

Спорт ташкилоти маълумотига кўра, Мендес август ойи охиридан бери юрак етишмовчилиги сабабли тиббий текширувлардан ўтаётган эди. У аввал Тошкентда кўрикдан ўтказилди, кейин эса чуқурлаштирилган текширувлар учун Мадридга юборилди.

Испаниялик шифокорлар мураббийга маълум муддат профессионал фаолиятини тўхтатиб туришни ва жиддий даволаниш курсидан ўтишни тавсия қилишди.

Шу сабабли Мендес федерация раҳбариятига истеъфога чиқиш сўрови билан мурожаат қилди. Мурожаат кўриб чиқилиб, унинг соғлиғи ҳолати инобатга олингач, раҳбарият бу илтимосни қаноатлантирди.

“Ҳатто узоқда бўлсам ҳам, миллий терма жамоанинг кейинги фаолиятини кузатиб бораман ва унга мухлислик қиламан. Жаҳон чемпионатига йўлланмани албатта қўлга киритишингизга ишонаман. Агар зарурат туғилса, бўлажак мураббийлар штабига ёрдам беришга ва маслаҳатлар беришга ҳамиша тайёр эканимни маълум қилмоқчиман”, — деб ёзди у.

Федерация мутахассисга даволаниш жараёнини муваффақиятли ўтказиш, тезроқ соғайиб кетиш ва саломатлигини тўлиқ тиклашни тилади.

Сентабр ойида федерация Мендеснинг жамоанинг Европа бўйлаб турнеси вақтида делегация таркибида йўқлигига изоҳ берган эди.

Ташкилот унга олдиндан Будапештга авиабилет харид қилган эди. Режага кўра, испаниялик мутахассис Венгрия ва Нидерландия терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида жамоани бошқариши керак эди, бироқ ўша пайтда у Мадридда даволанаётган эди.

Хосе Мария Мендес шу йилнинг март ойида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланганди.

Бундан олдин у икки бор Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган — аввал 2011−2012-йилларда, кейин 2014−2017-йилларда. Ўшанда у шартнома муддати тугагани сабабли жамоани тарк этган эди.

Мендес бощилигида терма жамоа 2016-йилда Осиё чемпионатининг кумуш медалларини қўлга киритган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.