Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар жамоасининг ЖЧ қитъалараро плей-офф турниридаги рақиблари маълум бўлди
Ўзбекистон аёллар миллий жамоаси Папуа Янги Гвинея, Гана ва Жанубий Африка Республикаси жамоалари билан баҳс олиб боради.

Ўзбекистон аёллар футбол терма жамоасининг 2027-йилги ФИФА Жаҳон чемпионати қитъалараро плей-офф босқичидаги рақиблари аниқланди.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси саралашнинг ушбу босқичида Папуа Янги Гвинея, Гана ва Жанубий Африка Республикаси терма жамоалари билан куч синашади.
Дастлабки босқич 2026-йилнинг ноябр-декабр ойларида ягона марказлашган жойда ўтказилади. Ушбу босқич якунида икки жамоа финал плей-офф босқичига йўлланма олади.
Ҳал қилувчи плей-офф босқичи 2027-йил феврал ойида марказлашган ҳолда ташкил этилади. Унда дастлабки босқичдан чиққан икки жамоага КОНКАКАФдан иккита, КОНМЕБОЛ ва УЕФАдан биттадан жамоа қўшилади.
Жами олтита миллий жамоа қуръа орқали учта йўналишга бўлинади. Ҳар бир йўналишда биттадан ҳал қилувчи плей-офф ўйини ўтказилади. Ушбу ўйинларда ғалаба қозонган учта жамоа аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.
Аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 2027-йил 24-июндан 25-июлгача Бразилияда бўлиб ўтади.

