Маҳаллий

“Фуқароларни ўзлари хоҳламаган жараёнларга жалб қилиб, пул олсак, бу хизмат эмас” — депутат

Депутат Илҳом Абдуллаев давлат хизматлари рўйхати қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, қонунчиликда хизматнинг аниқ таърифи мавжуд бўлиб, фуқарони ўзи истамаган жараёнга жалб қилиб, пул ундириш — хизмат эмас. Жарималар, фуқаролар бадаллари ҳисобига буджетни тўлдириш нотўғри.

“Фуқароларни ўзлари истамаган жараёнларга жалб қилиб, пул олсак, бу хизмат эмас” — депутат

ИСТ Веек Узбекистан доирасида ўтказилган “Рақамли давлат: ягона ёндашув, замонавий бошқарув ва фуқаролар учун янги имкониятлар” форумида сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев давлат хизматлари рўйхати қайта кўриб чиқилиши зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, қонунчиликда хизматнинг аниқ таърифи бор, фуқароларни ўзлари хоҳламаган жараёнларга жалб қилиб, охирида пул ундириш эса хизмат ҳисобланмайди.

Илҳом Абдуллаев давлат хизматларини рақамлаштиришда сифатни ошириш ва бу йўналишда ривожланиш учун муҳим деб билган жиҳатлар ҳақида ҳам тўхталди. Хусусан, у бугунги кунда 1000 дан ортиқ давлат хизмати рақамли шаклда мавжудлигини, бироқ уларнинг қанчалик мувозанатли экани ва бу хизматлар ҳақиқатан ҳам хизмат саналадими-йўқми, деган савол очиқлигича қолаётганини қайд этди.

“Фуқаролик кодексида хизмат тушунчаси мавжуд: хизмат — бу аниқ битта ариза берувчининг сўровига биноан амалга ошириладиган иш. Сиз келиб: „Менга мана бу ишни қилиб беришингизни хоҳлайман“, десангиз, бу хизмат бўлади. Лекин биз фуқароларни қандайдир меъёрий ҳужжат ёки қонун билан ўзлари хоҳламаган жараёнларга жалб қилиб, охирида ундан пул олиб, „Мана, сизга қандай ажойиб хизмат кўрсатдик“ десак, бу хизмат эмас”, — деди у.

Шу ўринда Абдуллаев сервис ва хизматни бир-биридан ажратишни таклиф қилди.

“Биз фуқароларимизга бепул ёки фақат унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш асосида тақдим этишимиз шарт бўлган давлат сервислари мавжуд. Хизматга келсак, масалан, кимгадир ер майдони керак, кимдир ўз компанияси қурилиши учун нимадир олмоқчи — бу ҳаммага ҳам керак эмас, бу айнан ўша одамга керак. У ариза беради, мана шу ерда хизмат пайдо бўлади ва бу ерда тўлиқ рўйхат киритилиши керак”, — дея тушунтирди у.

Абдуллаевнинг сўзларига кўра, вазирлик ва идоралар ташкил этилганда уларнинг вазифалари ҳамда функсиялари аниқ белгилаб қўйилади. Буларнинг барчаси учун эса буджетдан маблағ ажратилади.

“Қонунчилик палатаси буджетни тасдиқлаганда, давлат муассасаларига пулни шунчаки ажратмайди, — дея таъкидлади Абдуллаев. — Пул уларга ўз фуқаролари учун хизмат кўрсатувчи давлат сервиси моделини ишлаб чиқишлари учун берилади. Бу пуллар ушбу давлат органларига аллақачон ажратиб бўлинган. Бугун биз — мутахассислар, технологик даражада ушбу сервислар фуқароларимиз учун бепул ишлашини таъминлашимиз керак”.

Абдуллаевнинг фикрича, давлат хизматлари рўйхати қайта кўриб чиқилиши лозим. Рақамлаштириш вазирлиги ва Адлия вазирлиги бу рўйхатда ҳақиқатан ҳам давлат хизмати даражасига етадиган сервисларнигина қолдириши керак.

“Рақамлаштиришни қаерда қулай бўлса, қаерда осон амалга ошса, қаерда жарималар ёки фуқаролар бадаллари ҳисобига харажатлар қопланса, ўша ерда амалга ошириш керак эмас. Йўлларни рақамлаштириш, радарлар ўрнатиш, жарималар йиғиш ва буджетни тўлдириш жуда осон, лекин бу нотўғри. Рақамлаштириш фуқароларга хизмат қилиши керак”, — дея хулоса қилди Илҳом Абдуллаев.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.