Франсияда автомобил бир гуруҳ одамларни босиб кетди. Икки киши ҳалок бўлди

Франсиянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Кан шаҳрида автомобил бир гуруҳ одамларни босиб кетиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди ва тўққиз киши жароҳатланди. Бу ҳақда АФП хабар берди.
Воқеа 26-август куни тахминан соат 22:15 да Кан темирйўл вокзали яқинида содир бўлган. Калвадос префектининг маълумотига кўра, ҳайдовчи вокзал қаршисидаги кўчада турган пиёдалар устига атайлаб машина ҳайдаган. Кан хавфсизлик хизмати барча жабрланганлар 17 ёшдан 36 ёшгача бўлган эркаклар эканлигини тасдиқлади.
Ҳодиса натижасида икки киши вафот этган, етти киши оғир ва икки киши енгил жароҳатланган. Ҳалок бўлганлардан бири 35 ёшли, иккинчиси 28 ёшли Афғонистон фуқароси бўлган. Жабрланганлар орасида Франсия, Миср, Бангладеш ва Судан фуқаролари борлиги, уларнинг баъзиларининг оёғи сингани айтилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеадан олдин вокзал яқинидаги барда жанжал келиб чиққан. Гумонланувчи бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланганидан сўнг автомобилида қайтиб келган. У автобуслар учун ажратилган йўлакка кириб, бекат остида турган одамлар устига машина ҳайдаган. Зарба натижасида жанжал иштирокчиларидан ташқари, транспорт кутаётган бошқа йўловчилар ҳам жабрланган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, автомобил рулида 26 ёшли, асли россиялик шахс бўлган. У Франсияда қонуний яшаб келган. Гумонланувчи пиёдаларни босиб кетгач, воқеа жойидан яширинган, бироқ кўп ўтмай ҳодиса жойидан 20 километр узоқликдаги Уистреҳам порт шаҳрида ушланган. Эркак ҳодиса вақтида маст бўлмаган. У аввал ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун полиция назоратида бўлган, лекин рўйхатга олинмаган.
Сўров пайтида эркак воқеадан аввал вокзал майдонида зўравонликка учраганини айтган. Кан прокурори Жоел Гарригнинг билдиришича, гумонланувчининг бу кўрсатмалари батафсил текширилади.
Ҳодиса юзасидан қотиллик ҳамда автомобилдан қурол сифатида фойдаланган ҳолда қасддан зўравонлик содир этиш моддаси бўйича тергов бошланган. Полиция ҳозирча буни террорчилик ҳаракати деб ҳисобламаётганини, аммо тергов эндигина бошланганини маълум қилди.
2025-йил май ойида Барселонада автомобил “Эспанёл” мухлислари устига ҳайдалгани оқибатида 13 киши жароҳатланганди. Ўша ойда Англия чемпионлигини нишонлаш учун ўтказилган парадда автомобил “Ливерпул” мухлислари орасига кириб борган. Ҳодисадан сўнг 27 киши шифохонага ётқизилган, улардан икки нафарининг аҳволи ўта оғир деб баҳоланган.

