Фотоқопқон Нуротадаги ноёб архарларни қайд этди
Навоий вилоятидаги Нурота давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқон Қизил китобга киритилган Қизилқум архарларини қайд этди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, 2026-йилги баҳорги саноқда уларнинг сони 2130 бошни ташкил этган.

Фотоқопқон Нуротадаги ноёб архарларни қайд этди
Қўмита маълумотига кўра, ўтган асрнинг 60–70-йилларида Нурота тизма тоғларида Қизилқум архарларидан бор-йўғи 60–70 бош қолган эди.
1975-йилда Нурота давлат қўриқхонаси ташкил этилиб, архарлар ҳимоя остига олинган. Бу йўқолиб бораётган популяцияни сақлаб қолиш имконини берган. Кейинги ўн йилликда уларнинг сони барқарорлашган.
Қўмитанинг билдиришича, амалга оширилаётган муҳофаза чоралари туфайли архарлар сони ортиб бормоқда. Сўнгги баҳорги ҳисобда 2130 бош қайд этилган.
Қизилқум архари заиф, сони камайиб бораётган ва алоҳида ҳудудларда тарқалган кенжа тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхати ҳамда СИТЕС конвенсиясининг ИИ иловасига киритилган.
Айни пайтда бу жониворлар Нурота ва Оқтоғ тизмаларида, Томдитоғ қолдиқ тоғларида ҳамда Туркистон тизмасида сақланиб қолган. Қўмита маълумотида улар Молгузар тизмасида ҳам учраши мумкинлиги қайд этилган.
Қизилқум архарлари тоғларнинг ўрта ва юқори қисмларида, денгиз сатҳидан 500–2000 метр баландликда яшайди.

