Фото: Ўзбекистон армиясида дронларни бошқариш бўйича мусобақалар ўтказилмоқда
Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий округида “Дронларни жанговар қўллаш бўйича энг илғор гуруҳ” мусобақасининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳарбий хизматчилар замонавий дронларни бошқаришдаги маҳорати, чаққонлиги ҳамда фавқулодда вазиятлардаги тезкорлигини намойиш этган.

Фото: Ўзбекистон армиясида дронларни бошқариш бўйича мусобақалар ўтказилмоқда
19-октабр куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий округи доирасида ҳарбийлар ўртасида дронларни бошқариш бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Вазирлик матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳарбий хизматчилар “Дронларни жанговар қўллаш бўйича энг илғор гуруҳ” кўрик-танловида ҳамда “Дроне расинг” (дронлар пойгаси) мусобақаларида иштирок этган.
Мусобақада Жиззах, Самарқанд ва Навоий гарнизонларидан келган ҳарбий хизматчилар замонавий дронларни бошқаришдаги маҳорати, чаққонлиги, аниқлиги ҳамда фавқулодда вазиятлардаги тезкорлигини намойиш этган.
Маълум қилинишича, ҳарбий округ миқёсидаги ушбу мусобақа ҳудудлараро тажриба алмашиш, ҳарбийлар ўртасида замонавий технологияларни оммалаштиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Ушбу тадбир Ўзбекистон армиясида киберспорт, дрон ва робот технологиялари йўналишидаги спорт турларини ривожлантиришга доир президент қарори асосида ўтказилмоқда. Унга кўра, дрон технологиялари йўналишида уч босқичли мусобақа тизими жорий этилган: биринчи босқич ҳар йили августда вазирлик ва идораларда, иккинчи босқич октабрда ҳарбий округлар миқёсида, учинчи босқич декабрда – “Мудофаа вазири кубоги” сифатида ўтказилади.

