Flock ўз камералари АҚШни хавфсизроқ қилаётганини айтмоқда - унда нега уларга диверсия қилинмоқда?
АҚШ бўйлаб сунъий интеллект ёрдамида ишловчи камералар вандализмга учрамоқда, чунки фуқаролар кенгайиб бораётган кузатув тармоғига эътироз билдиришмоқда.

Flock ўз камералари АҚШни хавфсизроқ қилади деб даъво қилмоқда — унда нега уларга зарар етказилмоқда?
Хьюстоннинг тарихий Олд Брэсвуд (Old Braeswood) маҳалласи бой ва дарахтзор ҳудуддир.
Бу ерлар тизимли вандализм кутиладиган кўчалар сирасига кирмайди. Шунга қарамай, ярим тунда у ерда тўртта кузатув камерасига ҳужум қилиниб, кесиб ташланди.
Металл устунлар кесиб юборилган, натижада ўзига хос қора тусли овал камералар ва уларнинг қуёш панеллари ерда қолган. Камераларнинг баъзиларига "Диққат. 24/7 видеоёзув" деган қизил белги ёпиштирилган эди.
Камералар Flock Safety деб номланган компания томонидан бошқарилади ва июль ойи охирида содир бўлган ушбу диверсия бутун мамлакат бўйлаб сунъий интеллект (СИ) асосида ишлайдиган илғор кузатув тизимларининг кенг тарқалишидан хавотир кучайиб бораётганини акс эттиради. Вандализмнинг бундай ҳолатлари Миннесота, Калифорния ва Жоржия штатларида ҳам қайд этилган.
Тизим тарафдорларининг айтишича, ушбу технологиялар маҳаллаларни хавфсизроқ қилди ва жиноятларни фош этиш кўрсаткичини кескин оширди. Бироқ яқинда содир бўлган суиистеъмолликлар хавотирга сабаб бўлди. Танқидчиларнинг таъкидлашича, ўтаётган ҳар бир машинанинг орқа томонини суратга оладиган ушбу камералар оддий одамларга гумонланувчи сифатида қарайдиган ҳаддан ташқари кенг қамровли тергов воситасидир.
Улар учун маҳаллаларда пайдо бўлаётган кичик қора устунлар — институтларга бўлган ишонч тарихий даражада паст бўлган, кўпчилик технологияларнинг тез суръатлар билан ўзгариши ва СИнинг кундалик ҳаётга таъсиридан хавотирда бўлган бир пайтда, давлат ҳокимиятининг кўзга кўринадиган рамзидир.
2017 йилда ташкил этилган Flock Safety компанияси давлат рақамларини автоматик ўқувчи қурилмалар (ALPR) ишлаб чиқарувчи мамлакатдаги энг йирик компаниялардан бирига айланди. СИ асосида ишлайдиган ушбу камералар ёнидан ўтаётган ҳар бир автомобилнинг орқа томонини суратга олади. Тасвирлар белгиланган муддат давомида сақланади.
Бироқ Flock тизимидан фойдаланишнинг тўлиқ кўлами яхши маълум эмас. Компания аниқ рақамларни эълон қилмайди, лекин мамлакат бўйлаб 7000 дан ортиқ маҳаллалар билан ҳамкорлик қилишини ва тахминан 100 000 та камера ўрнатилганини билдиради.
BBC ихтиёрига келиб тушган ҳужжатлар Американинг тўртинчи йирик шаҳри бўлган Хьюстонда қўлланиладиган кенг қамровли камералар ва кузатув технологиялари тармоғига, жумладан, сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган баҳсли юзни таниш дастурий таъминотига назар солиш имконини беради.
Flock шунчаки камераларни сотмаяпти — у бутун мамлакат бўйлаб минглаб камераларни ўз ичига олиши мумкин бўлган маълумотлар базасига кириш ҳуқуқини сотмоқда. Эски ALPR тизимларида бундай улкан тармоқ бўлмаган, бу эса ҳуқуқ-тартибот идоралари учун асосий жозибадор омил ҳисобланади.
Масалан, Хьюстоннинг METRO транзит бошқармаси 35 та камерага эгалик қилади. Аммо ҳужжатлар шуни кўрсатадики, METRO Flock тармоғидаги 20 000 га яқин қурилмага, жумладан, Нью-Йорк штатининг Олбани округи каби узоқ ҳудудлардаги камераларга ҳам кириш имконига эга.
Flock кенгайгани сари, тергов қамрови ҳам кенгайиб бориши мумкин. BBC'га тақдим этилган ҳужжатлар тармоқ йилдан-йилга кенгайиб бораётганини кўрсатади. Сайпресс-Фэйрбэнкс мустақил мактаб округида 2024 йил апрель ойида давлат рақамини одатий қидириш 270 га яқин камера тармоғини қамраб олган.
2025 йил апрелига келиб, одатий қидирув қамрови деярли икки баравар кўпайиб, 500 га яқин тармоқни ташкил этди. 2026 йил апрелида эса қидирувларнинг 20 фоизи 6000 дан ортиқ тармоқ бўйлаб амалга оширилган.
Хьюстондаги танқидчиларнинг айтишича, уларни алоҳида камералардан кўра кўпроқ ушбу миллий тармоқ хавотирга солмоқда. Техас фуқаролик ҳуқуқлари лойиҳасидан Кристофер Ривера расмийлар "ушбу маълумотлар базаларидан кундалик ҳаётимизни кузатиш учун фойдаланиши мумкин, бу эса охир-оқибат ишга борадиган йўлларимизни, фарзандларимиз қайси мактабга боришини ва қаерда ибодат қилишимизни аниқлаб беради. Бу эса жуда муаммоли ҳолат", деб хавотир билдиради.
Яқинда шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар бутун мамлакат эътиборини тортди. Ўтган ҳафтада Кентукки штатидаги полиция ходимига нисбатан ҳимоя ордери талаб қилган собиқ севгилисини кузатиш учун Flock тизимидан 2000 дан ортиқ марта фойдаланганидан кейин айблов эълон қилинди.
У Флоск'нинг шубҳали ҳаракатларни аниқлайдиган, яқинда мажбурий этиб белгиланган СИ асосидаги аудит воситаси ёрдамида қўлга тушди.
Бошқалар эса Flock полицияга одатда бировнинг мулкини тинтув қилиш ёки телефонини эшитиш учун зарур бўлган ордерларни четлаб ўтишга имкон беришидан хавотирда. 2025 йилда Техас штатининг Жонсон округидаги детектив аборт қилдирганликда гумон қилинган аёлни топиш учун 80 000 дан ортиқ тасвирни қидирган. Унда тинтув ордери бўлмаган.
Кузатув камералари, давлат рақамларини ўқувчи қурилмалар ва кузатув янгилик эмас. Аммо Flock тармоғининг кўлами ва СИнинг замонавий кузатув технологияларига интеграциялашуви яқинда юз берган ўзгаришлар бўлиб, улар Flock номини кенг танитди. Илгари ўз шаҳарларидаги камераларга эътибор бермаган америкаликлар уларни пайқашни ва атрофидаги технологияларнинг имкониятларига эътибор қаратишни бошлашди.
СИ ёрдамида, эски давлат рақамларини ўқувчи қурилмалардан фарқли ўлароқ, ҳуқуқ-тартибот идоралари кузатув тасвирларини нафақат давлат рақами тасвири, балки "кўк кўйлакли европеоид эркак" каби иборалар ёрдамида ҳам қидириши мумкин.
Flock фойдаланмайдиган ягона нарса — бу юзни таниш тизимидир. Аммо бу полиция бўлимлари ундан қочаётганини англатмайди. Танқидчиларнинг таъкидлашича, бу инсон ҳуқуқларини бузади, айбсиз одамларни нотўғри аниқлаши мумкин ва камчиликларга нисбатан нохолис бўлиши мумкин.
BBC ихтиёридаги ҳужжатлар Хьюстонни қамраб олувчи Харрис округи шерифи бошқармаси бошқа бир юзни таниш тизими — Clearview AI'дан фойдаланишини кўрсатади. Ушбу восита 70 миллиарддан ортиқ тасвирдан иборат маълумотлар базасини ўз ичига олади, уларнинг аксарияти очиқ интернет манбаларидан, жумладан, ижтимоий тармоқлардан олинган. Ҳужжатлар, жумладан, харид қилиш буюртмалари ва Лицензия шартномаси округнинг Clearview AI билан шартномаси ҳозирда 2027 йилнинг мартигача амал қилишини кўрсатади.
Бир нечта Европа давлатлари маълумотларни ҳимоя қилиш қоидаларини бузгани учун компанияни жаримага тортган, жумладан, Буюк Британия Ахборот комиссари томонидан 7,5 миллион фунт стерлинг миқдорида жарима солинган.
Харрис округи шерифи бошқармаси томонидан ушбу юзни таниш технологиясидан фойдаланилгани ҳақида илгари хабар берилмаган эди. Бошқарма изоҳ бериш сўровларига жавоб бермади.
Полициянинг таъкидлашича, бу каби кузатув технологиялари, жумладан, Flock камералари жиноятчиликка қарши курашиш учун жуда муҳимдир.
"Бу жуда яхши восита", дейди Хьюстон таркибидаги кичик юрисдикция бўлган Мемориал Виллежес (Memorial Villages) полиция бошқармаси бошлиғи Рэй Шульц. "Бу маҳаллани хавфсизроқ қилади." Унинг бошқармаси Flock ALPR тизимини сотиб олишидан олдин йилига ўртача учта ўғирланган машинани топар эди. Энди эса, Шульцнинг айтишича, бу кўрсаткич 45 тани ташкил этади.
Унинг қўшимча қилишича, сўнгги йилларда фош этилган баъзи жиноятларни Flock'сиз ҳал қилиш "имконсиз" бўлар эди. Ўтган ойда Шульц ушбу восита ёрдамида Галвестондан Хьюстонгача 60 миль йўл босиб, адашиб қолган деменция билан оғриган кекса аёлнинг турган жойини аниқлади. "Биз уни топиб, оиласи билан қайта бирлаштиришга муваффақ бўлдик."
Шульцнинг айтишича, идораларда ALPR'дан фойдаланишни тартибга солувчи қатъий қоидалар бўлиши керак ва тизимни суиистеъмол қилган ходимлар жавобгарликка тортилиши лозим.
"Аммо йўқолган болани топишга ёрдам берадиган қимматли воситадан воз кечмаслик керак."
Муҳожирлар ҳуқуқлари фаоли Жасмин Хадем Гонсалес ҳуқуқ-тартибот идоралари "кимдир қаердалигини ICE (Иммиграция ва божхона назорати хизмати)га маълум қилиш учун [Flock] маълумотлар базасидан фойдаланиши" мумкинлигидан хавотирда.
Федерал Иммиграция ва божхона назорати хизмати Flock билан тўғридан-тўғри шартномага эга эмас. Бироқ полиция ходимлари давлат рақамини қидириш учун сабаб сифатида "иммиграция" ёки "исе" сўзларидан фойдалангани ҳақида хабарлар бор.
Марказий Америкалик муҳожир Жесси ўтган ой уйи ташқарисида Flock камерасини кўриб қолди. У BBC'дан ҳақиқий исмини ишлатмасликни сўради, чунки бу унинг грин-картасини узайтириш бўйича кўриб чиқилаётган ишига таъсир қилишидан қўрқади.
"Бу менда худди таъқиб қилинаётгандек ҳис уйғотади", дейди у.
Натижада у ишга бориш йўлини ўзгартирди: "Ҳар куни турли йўллардан юришга ҳаракат қиламан, токи бирор бир тизимлилик сезилмасин."
Бироқ алоҳида ҳуқуқ-тартибот идоралари федерал ҳукумат билан маълумот алмашиши ёки алмашмаслиги ноаниқлигича қолмоқда. Flock бош директорининг айтишича, федерал иммиграция идоралари Flock маълумотларига тўғридан-тўғри кира олмайди. Шунга қарамай, баъзи полиция бўлимлари федерал иммиграция идоралари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида амалдаги келишувларга эга.
Харрис округида Flock шартномасига таклиф қилинган ўзгартириш дастлаб камера маълумотларини федерал ҳуқуқ-тартибот идоралари билан баҳам кўришга яққол рухсатни ўз ичига олган эди, бироқ кейинчалик фаолларнинг босимидан сўнг ушбу банд олиб ташланди.
Баъзи юрисдикциялар, жумладан, Лос-Анжелес, Сиэтл ва Остин (Техас) каби йирик мегаполислар ушбу хавотирлар туфайли Flock билан шартномаларни узайтирмасликни танлади.
Secure Justice ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи маълумотларига кўра, 2021 йилдан бери жами 200 дан ортиқ маҳалла ўз шартномаларини бекор қилган ёки узайтирмаган — жумладан, фақат август ойининг ўзида 90 таси.
Уларнинг бекор қилиш сабаблари харажатлар ва маълумотлар махфийлиги билан боғлиқ хавотирларни ўз ичига олиши мумкин.
Бутун мамлакат бўйлаб ҳар икки партиядан бўлган қонун чиқарувчилар чекловлар бўлиши кераклигини айтишди ва бир нечта номзодлар ушбу масалани бўлажак оралиқ сайловлар кампаниясининг бир қисмига айлантиришди. Республикачи конгрессмен Кит Селф федерал идоралардан Flock маълумотларига киришдан олдин ордер олишни талаб қилувчи қонун лойиҳасини таклиф қилди.
Компания ҳам ўз қоидаларига баъзи ўзгартиришлар киритди, жумладан, аудитларни мажбурий қилиб қўйди ва агар маълумотлар терговнинг бир қисми сифатида белгиланмаган бўлса, серверда маълумотларни сақлашнинг одатий муддатини 30 кундан 7 кунгача қисқартирди. Аммо алоҳида идоралар маълумотларни анча узоқроқ сақлашни танлаши мумкин.
Flock Safety бош директори ва асосчиси Гарретт Лэнгли BBC'га маълумотларни қанча вақт сақлаш ва қандай маълумотларни ким билан баҳам кўришни ҳал қилиш алоҳида шаҳарларнинг ихтиёрида эканини айтди.
"Менимча, технология компанияси бундай қарорларни қабул қилмаслиги керак", дейди у.
"Модомики бу қонуний тергов экан, биз шаҳарларга қайси қонунларни ижро этиши ёки этмаслиги кераклигини айтмаймиз."
Лэнглининг айтишича, Flock кузатув компанияси эмас, балки хавфсизлик компаниясидир. Шунга қарамай, 2020 ва 2025 йиллар оралиғида топширилган учта патент номида "кузатув" (сурвеиллансе) сўзи бор.
Унинг айтишича, ушбу технология "тахминан бир миллион жиноятни" фош этишга ва 10 000 дан ортиқ йўқолган одамларни топишга ёрдам берган.
"Хавфсизлик ва махфийлик бирга мавжуд бўлган жамиятни қандай барпо этиш бўйича баҳс-мунозаралар" олиб боришга арзийди, дейди у, аммо давом этаётган вандализм "ҳафсалани пир қилади".
Бироқ Жессининг айтишича, Flock ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари айтадиган ҳеч бир гап уни ушбу технология билан ўзини қулай ҳис қилишга мажбур қила олмайди.

