Фирибгарлик бўлмаган £70 қайтариш ҳақидаги хат
Бир миллионга яқин киши — асосан аёллар — пенсия солиқ имтиёзини олиши керак ва улар билан HMRC (Қироллик даромадлар ва божхона бошқармаси) боғланади.

Фирибгарлик бўлмаган 70 фунт стерлинглик пул қайтарилиши ҳақидаги хат
Сиз пенсия тўловларига қўшимча олиш ҳуқуқига эга эканлигингизни тушунтирувчи хат оладиган бир миллион кишидан (асосан аёллар) бири бўлишингиз мумкин — ва бу фирибгарлик эмас.
Бунга ҳақли бўлганлар — ўз пенсияларининг юритилиши тизими туфайли пулдан маҳрум бўлган кам даромадли ходимлардир.
Яқин бир неча ой ичида Буюк Британия Қироллик солиқ ва божхона бошқармаси (HMRC) одамларга тўловни қандай талаб қилиб олишни тушунтирувчи хатлар юборади. Аксарият ҳолларда бу сумма 70 фунт стерлингни ташкил этади, гарчи у индивидуал шароитларга қараб сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин.
Талабга жавоб берадиган ҳар бир киши билан автоматик тарзда боғланишади, аммо агар сиз хат олсангиз, унинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш ва алданиб қолмаслик учун бир нечта текширувларни амалга оширишингиз мумкин.
Пенсия жамғармасига бадал тўлаганингизда, давлат солиққа кетиши керак бўлган пулнинг бир қисмини пенсиянгизга ўтказишга рухсат беради.
Бу солиқ имтиёзи деб аталади
Мураккаб сабабларга кўра, иш берувчиси Net Pay Arrangement (Соф иш ҳақи бўйича келишув) деб номланувчи пенсия тизимидан фойдаланган айрим кам даромадли ходимлар, пенсиялари Relief at Source (Манбада имтиёз қўллаш) тизими орқали расмийлаштирилганларга қараганда камроқ маблағ олишган.
Ишчилар қайси тизимдан фойдаланишни ўзлари танламайдилар, шунинг учун давлат пулдан маҳрум бўлганлар учун ушбу фарқни кам даромадли ходимларнинг пенсия тўлови деб аталадиган тизим орқали қоплаб беришга қарор қилди.
Одатда, улар йилига тахминан 12 570 фунт стерлинг атрофида (лекин ундан кўп эмас) даромад олган бўладилар, бу даромад солиғи тўлаш учун белгиланган энг кам чегарадир.
Қўшимча тўловлар дастлаб 2024-25 солиқ йили учун амалга оширилади, кейинги йиллар учун эса автоматик тўловлар бошланади.
Мижозлар ариза топширишлари шарт эмас. Агар сиз ушбу тўловни олишга ҳақли бўлсангиз, HMRC — Буюк Британия солиқ идораси — сизга маълумотни хат орқали ёки шахсий солиқ кабинетингиз орқали юборади.
HMRC бу ҳақда сизга SMS, электрон почта юбормайди ёки телефон қилмайди. Агар сизга шундай қўнғироқ ёки хабар келса, бу фирибгарликдир. Шунингдек, улар ҳеч қачон сиздан пул ўтказишни, PIN-кодлар ёки паролларни сўрамайди.
Алоқанинг ҳақиқийлигини текширишнинг бошқа усуллари қуйидагилардан иборат:
HMRC ихтиёрида сизнинг амалдаги манзилингиз борлигига ишонч ҳосил қилиш
Gov.uk сайтидан "ческ иф а леттер ёу'ве ресеивед фром ҲМРС ис генуине" (HMRCдан олган хатингиз ҳақиқийлигини текшириш) деб қидириш ва "Лов Эарнер'с Пенсион Паймент" (Кам даромадли ходимнинг пенсия тўлови) бўлимини топиш
HMRC шунингдек, фирибгарликни аниқлаш бўйича йўриқномаларни ҳам таклиф этади
Мижозлардан банк маълумотларини шахсий солиқ кабинети орқали тақдим этиш сўралади. Рақамли хизматлардан фойдалана олмайдиганлар эса тўловни қабул қилиш учун HMRCга телефон қилишлари мумкин бўлади.
"Биз баъзи одамлар кутилмаган алоқадан хавсирашлари мумкинлигини биламиз, шунинг учун нималарни кутиш кераклиги ва алоқанинг ҳақиқийлигини қандай текшириш ҳақида аниқ маълумот берамиз", деди HMRC вакили.
"Мижозлар хатнинг ҳақиқийлигини Gov.uk сайтида текширишлари мумкин ва фақат расмий HMRC каналлари орқали жавоб беришлари керак."
LCP пенсия консалтинг компанияси ҳамкори ва собиқ пенсия вазири сэр Стив Уэбб ҳукумат ушбу тўловни ҳақиқатда олади деб тахмин қилаётган одамлар сони жуда камлигидан ҳайратда эканини айтди.
Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа харажатлари талабга жавоб берадиган ҳар бир киши тўловни талаб қилган тақдирдагидан анча кам бўлади.
"Ушбу тўловларни тегишли одамларга етказиш жараёни жуда қийин кечади ва тўловларни ололмай қолиш хавфи жуда юқори", деди у.
"Одамлар ўзларига тегишли бўлган пулни олишларини таъминлаш учун ахборот алмашинуви самарали бўлиши жуда муҳимдир."
HMRC ижтимоий тармоқлар ва бошқа каналлар орқали аҳолини хабардор қилиш кампаниясини бошлашини маълум қилди.

